Ўзбекистон ўз шифокорларини Самара шаҳрида заҳарланганларга ёрдам беришга юборади

Дата: 16:57, 15-08-2019.

Тошкент. 15 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон ўз шифокорларини Самарада заҳарланганларга ёрдам беришга юборади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"2019 йил 19 июль куни Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг ваколатхонаси раҳбари Қозон шаҳридаги бош консул билан биргаликда 69 нафар Ўзбекистон фуқароларини касалхонага ётқизиш билан боғлиқ вазиятни ойдинлаштириш аниқлаш мақсадида Самара вилоятига ташриф буюрди", - дейилади Бандлик ва меҳнат вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилганидек, Самара вилояти Сизран тумани Кошелев қишлоғида жойлашган "Кошелевский посад" МЧЖда 68 нафар Ўзбекистон фуқароси меҳнат фаолияти, яъни боғдорчилик – боққа қараш ва мева ҳамда резаворларни йиғишни амалга ошириш билан шуғулланганлиги аниқланди.

"16-17 июль кунлари Ўзбекистон фуқаролари турли даражадаги заҳарланиш белгилари билан Самара вилояти клиник шифохонаси ва 1-сонли Тольятти шаҳар клиник шифохонасига олиб келинди", - дейилади хабарда.

Ташриф доирасида ишчи гуруҳ Ўзбекистон фуқароларининг ҳолидан хабар олди, шунингдек, Самара вилояти ҳокими маъмуриятининг биринчи ўринбосари, Самара вилояти соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари ва бош шифокорлар билан учрашди. Шунингдек, "Кошелевский посад" МЧЖ вакиллари билан учрашувлар ўтказилди, унда иш берувчининг ҳисобидан ходимларни даволаш учун жорий харажатларни қоплаш тўғрисида келишувга эришилди.

"Айни пайтда мутасадди идоралар ватандошларга ёрдам бериш учун қўшимча сайёр тадбирлар устида иш олиб бормоқда, яъни Ўзбекистон шифокорлари ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакиллари кўмагида сайёр консилиум ўтказадиган ишчи гуруҳ тузиш таклиф этилади", - деб қайд этилади хабарда.

Сурат манбаи: vestifinance.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: