Ўзбекистон ўз тарихида илк марта йўловчи вагонларини экспортга жўнатади

Дата: 13:54, 26-10-2017.

Тошкент. 26 октябр. ЎзТАГ – “Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи” акциядорлик жамияти тарихда илк марта ўз маҳсулотларини экспорт қила бошлайди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“2016 йилда Россия ва Қозоғистон томонидан плацкарт ва купе вагонларига катта қизиқиш билдирилди. Шартномага мувофиқ, жорий йилда эса улар учун мўлжалланган замонавий вагонларни ишлаб чиқаришга киришилди ва йил охирига қадар 5 та плацкарт ва яна шунча купе вагонларни буюртмачиларга жўнатиш режалаштирилмоқда. Жорий йилнинг июнида бунинг учун жаҳон стандартига мувофиқлик сертификати олинган”, - деб таъкидлашди “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти матбуот хизматида.

Таъкидланишича, ишлаб чиқарилаётган вагонлар қатор қулайликларга эга. Хусусан, уларда замонавий сувни тозалаш, ҳавони совутиш ва ёритиш тизимлари ўрнатилган. Ички ва ташқи кўриниши буюртмачилар талабларига мувофиқ бажарилган.

Замонавий вагонлар 68-922 ва 68-921 модификациядаги тележкалар билан жиҳозланган бўлиб, улар рельсларда текис ҳаракатланади.

Эслатиб ўтамизки, “Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи” АЖ Марказий Осиёдаги ягона шу каби корхона бўлиб, йилдан йилга ўз имкониятларини кенгайтирмоқда. Хусусан, метро вагонларини таъмирлаш ва уларнинг янги турларини ишлаб чиқариш муҳим лойиҳалардан биридир.

Янгилик билан ўртоқлашиш: