Ўзбекистон Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Девони Бобур” асари қўлёзмалари нусхасини олди

Дата: 12:16, 23-08-2017.

Тошкент. 23 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг Ҳиндистон Миллий музейида сақланаётган “Девони Бобур” асари қўлёзмалари нусхасини олди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Қўлёзмаларни топшириш маросими Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Деҳлидаги Ҳиндистон Миллий музейига ташрифи доирасида бўлиб ўтди.

“Давлат раҳбарининг ўзбек халқининг тарихий ва маданий бойликлари намуналарини Ватанга қайтариш тўғрисидаги топшириғини бажариш доирасида Ўзбекистон элчихонаси Ҳиндистон томони билан Миллий музейда сақланаётган Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 1528 йилда ёзилган “Девони Бобур” қўлёзмасининг ва 1640 йилда чизилган “Шахзода Дори Шикоҳнинг тўй маросими” миниатюрасининг нусхаларини Ўзбекистон томонига расман топшириш масаласини келишиб олган эди”, - дейилади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Экспозиция билан танишиб чиқилгач, Ҳиндистон Миллий музейи бош директори Будҳа Рашми Мани Ўзбекистон делегациясига юқорида қайд этилган қўлёзма ва миниатюра нусхаларини расман топширди. Эндиликда қўлёзмалар Ўзбекистон Давлат тарих музейига топширилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: