Ўзбекистон ўзбек-қозоқ чегарасидаги ўтиш пунктининг ёпилиши ҳақидаги маълумотни рад этди

Дата: 16:26, 30-05-2016.

Тошкент. 30 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегарасини қўриқлаш бўйича қўмитаси ўзбек-қозоқ чегарасидаги ўтиш пунктининг ёпилиши ҳақидаги маълумотни рад этди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Кейинги пайтда Интернетда ўзбек томонидан Қозоғистон билан чегарадаги ўтиш пунктларининг ёпилишига доир фактлар билан тасдиқланмаган турли маълумотлар эълон қилинмоқда. Материаллардан бирида 21 майда “Яллама” пунктида божхона назорати тўхтатилиши муносабати билан юк автомашиналарини ўтказиш тўхтатилганлиги айтилади”, – деб таъкидланади қўмита хабарида. Шу билан бирга, ўзбек куч тизимлари маълумотларига кўра, “Яллама” пункти ўша куни ҳам, ҳозирда ҳам одатдаги режимда ишлаган. Кўрсатилган муддатда ундан 196 дона транспорт воситаси ўтказилган. Улардан 100 чиқиб кетган ва 96 кириб келган.

Бундан ташқари, қўмита хабарида айтилишича, 20-22 май орасидаги муддатда юк автомашиналарини ўтказиш Қозоғистон томонидан техник сабабларга кўра уч марта тўхтатилган ва бунинг чегара ёпилишига ҳеч қандай алоқаси йўқ.

“Ушбу маълумотлар Ўзбекистон ва Қозоғистон орасидаги муносабатларни бузиш мақсадида учинчи кучлар томонидан чиқарилаётган бўлиши ҳам мумкин. Бундан кейин қозоғистон томони Ўзбекистон билан чегарадаги ўтиш пунктининг узлуксиз ишлашини таъминлаш учун барча чораларни кўришига умид билдирамиз”, деб таъкидлашди Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегарасини қўриқлаш бўйича қўмитаси матбуот хизматида.

Янгилик билан ўртоқлашиш: