Ўзбекистон Жаҳон банкининг янги ҳисоботида 10 ислоҳотчи мамлакатлар қаторига кирди

Дата: 14:35, 01-11-2017.

Тошкент. 1 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш-2018” (Doing Business) янги ҳисоботида тадбиркорлик учун қулай шароитлар яратиш бўйича 10 ислоҳотчи мамлакатлар қаторига кирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

2017 йил 31 октябрда чоп этилган “Бизнес юритиш-2018: иш ўринлари яратиш учун ислоҳотлар” ҳисоботига кўра, Ўзбекистон 190 мамлакат орасида 74-ўринни эгаллади ва ўз мақомини ўтган йилга нисбатан бирданига 13 ўринга яхшилади. Шу билан бирга, олиб борилаётган ислоҳотлар Ўзбекистонга Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари орасида бизнес муҳитини яхшилаш ва бизнес юритиш шароитларини соддалаштириш бўйича етакчига айланишга имкон берди.

“Қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш бўйича қабул қилинаётган чора-тадбирларнинг миқёси ва самарадорлиги ҳисоботнинг 10 кўрсаткичидан 6тасида сезиларли яхшиланиш билан тасдиқланган. Ўзбекистон “Корхонани рўйхатдан ўтказиш” кўрсаткичи бўйича дунё мамлакатлари орасида 11-ўринни эгаллади ва бу йўналишда АҚШ, Япония, Франция, Германия, Италия, Испания, Дания ва бошқа ривожланган мамлакатларни ортда қолдирди”, - деб таъкидлашди иқтисодиёт вазирлигида.

"Электр тармоқларига уланиш" кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон 56 поғонага юқорилади ва рейтингда 27-ўринни эгаллади.

2016 йил бошидан буён бизнес фаолияти учун ер бериш бўйича конкурс асосида янги тартибларнинг жорий этилиши натижасида қурилишининг барча босқичларида рухсат олиш тартиблари сезиларли даражада соддалаштирилди. Натижада ер ва қурилиш учун рухсатномаларни олиш учун зарур бўлган амаллар сони 23тадан 17тагача қисқарди, бу эса мамлакатнинг "Қурилишга рухсатнома олиш" кўрсаткичи бўйича 12 позицияга кўтарилишида акс этди.

“Солиқ ҳисоботларини электрон ҳолда топширишга тўлиқ ўтишнинг якунланганлиги ва солиқларни масофадан тўлаш амалиётининг кенгайтирилиши “Солиққа тортиш” кўрсаткичи бўйича рейтингни яхшилашга имкон берди (138-ўриндан 78-га).

“Жаҳон банки экспертларининг фикрига кўра, Ўзбекистондаги тадбиркорларга солиқ юки АҚШ, Австралия, Германия, Швеция, Туркия, Хитой ва Россиядан кўра анча пастдир”, деб таъкидлашди вазирлик матбуот хизматида.

"Ягона ойна" марказлари орқали амалга ошириладиган "Мулкни рўйхатга олиш" йўналиши бўйича Ўзбекистон жаҳон рейтингида 73-ўринни эгаллаб, ўз мавқеини мустаҳкамлади.

Натижада, Ўзбекистон корхоналарни рўйхатга олиш (11-ўрин), электр узатиш линияларига уланиш (27), шартномаларнинг бажарилишини таъминлаш (39), кредитлар (55), миноритар акциядорлар ҳимоя қилиш (62), мулкни рўйхатга олиш (73), солиққа тортиш (78) каби йўналишларда биринчи юзталикка кирди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: