Ўзбекистон Жанубий Кореяга автомобиль двигателлари экспорт қилади
Тошкент. 28 февраль. ЎзТАГ – General Motors Powertrain Uzbekistan корхонаси Жанубий Кореяга автомобиль двигателларини етказиб беради, дея хабар беради Podrobno.uz янгиликлар агентлиги. Қайд этиш керакки, бугун Ўзбекистонда General Motors компаниясининг энг муҳим ишлаб чиқариш базаларидан бири жойлашган бўлиб, унда дунё бўйлаб сотилаётган Chevrolet автомобилларининг деярли 40% чиқарилади.
Бугунда Тошкент вилоятида жойлашган корхонада 1,2 ва 1,5 литр ҳажмдаги BDONC двигателларининг янги авлоди ишлаб чиқарилмоқда. Улар General Motorsнинг конструкторлик бюросида ишлаб чиқилган бўлиб, компаниянинг глобаль бозорда сотиладиган моделларига ўрнатилади. Яъни, маҳсулот истеъмолчилари нафақат Ўзбекистоннинг автомобилсозлик корхоналари, балки GMнинг глобал тармоғига кирувчи бошқа корхоналар ҳам, хусусан, Жанубий Кореядаги корхоналар ҳамдир.
Бир майдончада ҳам қуйиш, ҳам йиғиш бўлинмалари жойлашган корхона General Motorsнинг дунёда ягона бўлган шундай корхонасидир. Ушбу корхона жиҳозланиш даражаси, технологик операцияларни назорат қилиш тизими, эргономик ва экологик стандартларга жавоб бериш жиҳатидан энг замонавийларидан бири ҳисобланади. Бу ерда ўрнатилган регенерацион тизилма ишлаб чиқаришни ёпиқ циклда амалга ошириш имконини беради.
Ўтган йил натижалари бўйича Motors Powertrain Uzbekistan корхонасида 122,9 минг автомобиль двигатели ишлаб чиқарилган.