Ўзбекистон журналистлар уюшмасига янги раҳбар сайланди

Дата: 11:52, 24-07-2014.

     Тошкент. 24 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Журналистлар ижодий уюшмасининг янги раиси сайланди. Ушбу вазифа “Ўзбектелефильм” давлат унитар корхонасининг директори Иброҳимжон Ҳалимбековга топширилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
     Уюшмадан хабар қилишларича, ташкилий вазифа Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмасининг 2014 йил 22 июлда бўлиб ўтган III конференциясида кўриб чиқилди.
     Янги раҳбардан ташқари, конференцияда раиснинг ўринбосари ҳам сайланиб, ушбу вазифа “Ҳуррият” газетасининг бош муҳаррири Ўктам Мирзаёровга лойиқ кўрилди.
     Конференциянинг асосий масаласи Журналистлар ижодий уюшмасининг 5 йиллик иш якунларини муҳокама қилиш бўлди. Хусусан, уюшманинг журналистлар касбий малакасини оширишга қўшган ҳиссаси қайд этилди.
     Уюшма қошида мониторинг гуруҳи ҳам фаолият юритмоқда, унинг таркибига таниқли журналистлар ва экспертлар киради.
     Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси “Олтин қалам”, “Йилнинг энг яхши журналисти” ижодий танловларининг асосий ташкилотчиларидан бири ҳисобланади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: