Ўзбекистон ўзининг фойдали қазилма бойликлар базасини максимал даражада кенгайтириш ниятида

Дата: 14:15, 14-11-2017.

Тошкент. 14 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон ўзининг фойдали қазилма бойликлар базасини максимал даражада кенгайтириш ниятида, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Мазкур режа Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида геология-қидирув ишлари самарадорлигини ошириш, минерал-хомашё ва қимматбаҳо металлар ресурс базаси ҳамда ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш бўйича муҳим стратегик лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига бағишланган йиғилишда очиқланди.

“2017-2021 йилларга мўлжалланган минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тўлдириш давлат дастури доирасида геология-қидирув ишлари жадвал асосида амалга оширилмоқда. Жорий йилда Фойдали қазилмалар захиралари бўйича давлат комиссияси томонидан 13 кон бўйича захиралар тасдиқланиб, саноатда ўзлаштиришга тайёрланди. Йил охиригача яна 13 кон бўйича захиралар тасдиқланиши режалаштирилган”, - дейилади давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабарида. 

 Шундан кейин таъкидланишича, Президент ташаббуси билан қабул қилинган дастурга мувофиқ 2017-2026 йилларда Навоий кон-металлургия комбинатида 27 лойиҳани амалга ошириш белгиланган. “Қиймати $3,63 млрд бўлган мазкур лойиҳалар натижасида 2026 йилга бориб ишлаб чиқариш ҳажми 30 фоизга ошади. Қўшимча 31 мингга яқин иш ўрни яратилади”, - деб таъкидланади хабарда. 

Шу билан бирга, Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан умумий қиймати $2,72 млрддан ошиқ 18 инвестиция лойиҳаси амалга оширилмокда. “Ёшлик-1” ва “Ёшлик-2” конларини ўзлаштириш, “Самарчўққи” ер ости конини қуриш ва Сурхондарё вилояти Шеробод туманида цемент заводи барпо этиш улар орасида энг муҳимларидир”, - дея қайд этилади хабарда. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: