Ўзбекистонда 1 январдан провайдерлар учун интернет тарифларини 20% га туширишга ваъда берилди

Дата: 10:37, 25-12-2019.

Тошкент. 25 декабрь. ЎзТАГ – Ўзбекистонда 1 январдан провайдерлар учун интернет тарифларини 20% га туширишга ваъда берилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (Узтаг).

24 декабрь куни Ўзбекистон алоқа тарихи музейида "Ўзбектелеком" АК 2019-2020 йилларга мўлжалланган "Телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш ҳолати ва истиқболлари" мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

"2019 йил давомида халқаро пакетли коммутация марказига уланган оператор ва провайдерлар учун ташқи канал тарифлари 85 минг сўмдан 1 Мбит/с. учун 70 минг сўмгача пасайтирилди (17% га пасайиш). Бундан ташқари, тарифлар 2020 йил 1 январдан бошлаб 1 Мбит/с. учун 56 минг сўмга (20% га пасайиш) тушиши кутилмоқда", - дейилади "Ўзбектелеком" АК матбуот хизмати хабарида.

Бундан ташқари, хизматлар сифатини яхшилаш ва интернетга уланиш тезлигини ошириш мақсадида 2020 йилда амалга ошириладиган лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берилди. Хусусан, мобил алоқа базавий станцияларини 3G/4G технологиялари асосида кенгайтириш, шунингдек, 700 дан ортиқ мобил алоқа база станцияларига 3G/4G технологиялари бўйича кенгайтириш, FTTx/GPON технологияси бўйича 1 млндан ортиқ портларга кенг полосали уланиш тармоғини кенгайтириш, магистрал тармоқнинг ўтказувчанлигини 4 мартагача, вилоят марказларига 400 Гбит/сониягача, туман марказларига 40 Гбит/сониягача кенгайтириш, маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш марказини яратиш ва кенгайтириш бўйича 3 мингдан зиёд модернизация ишлари режалаштирилган.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон ташқи Интернет-каналининг ўтиш имконияти 2018 йил охирида 10 баробар оширилди ва бугунги кунда 1200 Гбит/с ни ташкил этмоқда. Бу ҳозирги кунда Ўзбекистонда барча провайдер ва операторларнинг эҳтиёжлари учун етарли.

Сурат манбаи: uztelecom.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: