Ўзбекистонда 10 мингдан ортиқ якка тартибдаги ва кўп хонадонли уйлар йил охиригача қурилади
Тошкент. 15 август. ЎзТАГ – Ўзбекистонда 10 мингдан ортиқ якка тартибдаги ва кўп хонадонли уйлар 2019 йил охиригача қурилади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
"Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 14 август куни мамлакатимизни 2019 йилнинг биринчи ярмида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар натижалари ва йилнинг иккинчи ярмида режалаштирилган прогноз кўрсаткичларига эришишнинг устувор вазифалари муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди", - дейилади Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабарида.
Қайд этилганидек, ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва коммуникация инфратузилмаси масалалари кўриб чиқилди.
"Ҳисобот даврида ҳудудларни комплекс ривожлантириш, уйлар, йўл-логистика ва ижтимоий инфратузилма объектлари қуриш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жумладан, "Обод қишлоқ" дастури доирасида 159 та туманда янгиланган 478 қишлоқ сотиб олиниб, уларга ичимлик суви таъминоти, газ ва электр таъминоти тармоқлари етказиб берилди. 3,6 минг километрлик автомобил йўлларини қуриш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди", – дея қайд этилади хабарда.
Шунингдек, бу борадаги ишларни давом эттириш, аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш, ижтимоий шароитларни яхшилаш вазифалари ҳам кўриб чиқилди.
"Йил охирига қадар 10 минг якка тартибдаги ва 111 кўп хонадонли уйлар қуриш, 1,2 минг километр ичимлик суви таъминоти ва канализация тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш, сифат ва харажат устидан алоҳида назоратни таъминлаш зарурлиги таъкидланди", - дейилади хабарда.
Транспортда йўловчилар ва юкларни ташиш бўйича хизматлар сифатини муҳокама қилиш чоғида 10 минг километр узунликдаги республика ва маҳаллий аҳамиятга эга йўлларни қуриш ва таъмирлаш, халқаро юк ташиш бўйича қўшма транспорт-логистика корхоналарини ташкил этиш, Бухоро, Қарши, Нукус ва Термиз халқаро аэропортларини "очиқ осмон" режимига ўтказиш, Навоий қуруқлик портини ташкил этиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилгани қайд этилди.
Шунингдек, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни кўпайтириш, шаҳарсозлик нормалари ва лойиҳалаштириш жараёнини такомиллаштириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби вазифалар белгилаб олинди.
Сурат манбаи: president.uz