Ўзбекистонда 102 собиқ давлат мулки хусмусийлаштирилди

Дата: 16:50, 25-01-2016.

Тошкент. 25 январ. ЎзТАГ – 2016 йилнинг 1 январига келиб Ўзбекистонда давлат мулки бўлган 319 объект инвентаризация қилиниб, савдога қўйилди, уларнинг 102таси янги мулкдорларга сотилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу маълумотлар Ўзбекистон президентининг Вазирлар Маҳкамаси якуний мажлисида сўзлаган нутқида келтирилган. Давлат активларини хусусийлаштириш доирасида 506 мулк комплекси 1 трлн сўм ва $40 млн миқдорида инвестиция киритиш, шунингдек, 22 мингга яқин янги иш ўрни яратиш мажбурияти билан “нол” қийматида янги мулкдорларга сотилди.

“245 та кам рентабелли ва фаолият кўрсатмаётган ташкилот тўлиқ тугатилди. фойдаланилмаётган ва қурилиши тугалланмаган 353 та давлат мулки объекти бузилиб, бунинг натижасида 120 гектар ҳажмидаги ер майдони бўшади. Бу ерларнинг қарийб 80 гектари ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этиш ва хизматлар кўрсатиш объектлари қуриш учун тадбиркорлар тасарруфига берилди”, - деб таъкидланади маърузада.

378 та акциядорлик жамиятининг давлат улуши баҳоланди ва чет эллик стратегик инвесторларга сотиш учун очиқ савдога қўйилди.

Улар орасида “Навоийазот”, “Фарғонаазот”, “Урганч экскаватор”, “Қизилқумцемент”, “Жиззах аккумулятор заводи” акциядорлик жамиятлари каби муваффақиятли корхоналар, “Алоқабанк”, “Туронбанк” сингари банклар, “Ўзагросуғурта” компанияси ва бошқалар бор.

52 та акциядорлик жамиятидаги савдога қўйилган давлат улуши хусусий мулкдорларга сотилди. Жумладан, “Қўқон ёғ-мой заводи” акциядорлик жамиятининг давлатга тегишли акциялари $2,5 млнга сотилди.

Маърузада қайд этилишича, “Буларнинг барчаси мамлакатимизда мулкчилик шаклини тубдан ўзгартириш бўйича олиб борилаётган кенг миқёсдаги ишларнинг фақат бошланишидир”.

Шунингдек, Президент томонидан Ўзбекистонда “тараққиётимизнинг ҳозирги босқичида фақат углеводород хомашёси, қимматбаҳо ва рангли металлар, уран хомашёсини қазиб оладиган ва қайта ишлайдиган корхоналарни, шунингдек, табиий монополияларнинг стратегик инфратузилма тармоқларини – темир ва автомобиль йўллари, авиаташувлар, электр энергия ишлаб чиқариш, электр ва коммунал тармоқларини тўғридан-тўғри давлат бошқарувида сақлаб қолиш мақсадга мувофиқ, деб топилди”, деб таъкидлаб ўтилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: