Ўзбекистонда 13-чи вакцина жорий этилди

Дата: 17:36, 13-03-2019.

Тошкент. 13 март. ЎзТАГ – Ўзбекистонда 13-чи вакцина жорий этилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан 12 март куни “Ўзбекистонда папиллома вирусига қарши янги вакцинасининг татбиқ этилиши: мақсад ва кутилаётган натижалар” мавзусида матбуот анжумани ўтказди.

“ИПВ вакцинасини жорий этиш яна бир жиддий касаллик, бачадон бўйни саратонининг олдини олишга ёрдам беради. Ҳудудларда Вакцина ва иммунизация глобал бирлашмасининг ёрдами билан 2019 йилнинг биринчи ярмида етказиб бериладиган вакциналарни сифатли сақлаш мақсадида совуқ омборхоналар қурилмоқда. ИПВга қарши эмлашни 2019 йил октябрь ойида бошлаш режалаштирилмоқда. 9 ёшдан катта бўлган 400 мингдан зиёд қиз мактабларда ва тиббиёт муассасаларининг бирламчи бўғинларида эмланади. 2020 йил апрелида эса улар иккинчи марта эмланади”, - дейилади хабарда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили жаҳон бўйлаб бачадон бўйни саратони билан 380 минг аёл хасталанади, уларнинг 190 мингдан ортиғи вафот этади. Ўзбекистонда ушбу касаллик фертил ёшдаги аёлларда (15-44 ёш) иккинчи ўринда туради. Ҳар йили 1600 нафар ўзбекистонлик бачадон бўйни саратони касаллигига чалингани ва улардан 585 нафари ҳаётдан кўз юмгани қайд этилади. Мутахассисларнинг фикрича, 2060 йилларга бориб Ўзбекистонда саратон билан касалланишга барҳам берилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда эмлашнинг миллий дастури бўйича болалар 12 та инфекцияга қарши эмланарди.

Сурат манбаи: minzdrav.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: