Ўзбекистонда 160 мингдан зиёд фермерлик хўжаликлари фаолият юритмоқда

Дата: 20:36, 15-11-2016.

Тошкент. 15 ноябр. ЎзТАГ – 1 ноябр ҳолатига Ўзбекистонда 160 мингдан зиёд фермерлик хўжаликлари фаолият юритмоқда, улардан 36 мингдан ортиғи йирик кўптармоқли субъектлардир, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу маълумотлар ЎзЛиДеПнинг Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида келтирилган.

Мустақиллик йилларида пахта майдонлари деярли 2 баробар қисқартирилиб, уларнинг ўрнига дон, сабзавот, полиз, мойли экинлар экилиб, боғ ҳамда токзорлар барпо этилмоқда.

2016-2020 йиллар мобайнида 170,5 минг гектар пахта ва 50 минг гектар ғалла майдонлари ўрнига озиқ-овқат экинлари экилиши белгиланиб, жорий йилнинг ўзида пахта майдонлари 30,5 минг гектарга қисқартирилди.

Буларнинг самараси ўлароқ, мустақиллик йилларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми 2 баробардан зиёд ошди, хусусан, картошка 7 марта, мева қарийб 6,3 марта, сабзавот 2,6 марта, сут ва сут маҳсулотлари 1,7 марта, гўшт 1,3 баробар ўсди.

Ўзбекистон жуда қисқа вақт ичида ғалла мустақиллигини қўлга киритиб, дон ва дон маҳсулотларини экспорт қилувчи давлатлар сафидан мустаҳкам ўрин эгаллади. 1990 йилда атиги 1 миллион тоннадан зиёдроқ ғалла ҳосили етиштирган деҳқон ва фермерларимиз 2015 йилда 7,3 млн тоннадан зиёд сара дон йиғиштириб олишга эришишди.

Ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 42,2% чорвачилик соҳаси ҳиссасига тўғри келади. 2015 йил якунларига кўра, барча тоифадаги хўжаликларда қорамоллар сони 1991 йилдагига нисбатан 2,4 баробарга, жумладан, сигирлар сони 2 баробар, паррандалар сони 1,8 марта кўпайгани шундай дейишимизга тўла асос бўла олади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: