Ўзбекистонда 180,88 минг дона контрабанда пиротехникаси йўқ қилинди

Дата: 19:18, 02-02-2017.

Тошкент. 2 феврал. ЎзТАГ – Тошкентда махсус комиссия иштирокида пойтахт ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан мусодара қилинган 180,88 минг дона контрабанда пиротехника воситалари йўқ қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

ИИБ маълумотига кўра, уларни аниқлаш мақсадида Тошкент шаҳрида бозорлар, савдо марказлари, кўнгилочар масканлар, ўқув муассасалари сингари жамоат жойларида 4,3 минг атрофида текшириш ва профилактик кўрик ўтказилган.

Корхона, ташкилот, ўқув муассаса ва маҳаллаларда аҳоли билан 6,35 мингдан зиёд учрашувлар ўтказилган.

Эслатиб ўтамизки, 2010 йил 22 сентябрдаги “Пиротехника буюмлари муомаласи тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинган бўлиб, унда пиротехника воситаларини олиб кириш, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш, сотиш устидан самарали давлат назоратини ўрнатиш, уларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлиши ва ишлатилишининг олдини олиш, пиротехника воситаларини қўллаган ҳолда маданий-томоша тадбирларини ўтказишда хавфсизлик чораларини кучайтириш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Лекин пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда мамлакатга олиб кириш, сотиш ва фойдаланиш ҳолатлари, афсуски, учраб турибди. 13 декабр куни пойтахтнинг Миробод деҳқон бозорининг “Фарғона” шохобчасида 10 минг донадан зиёд пиротехника воситаси ўз “харидорлари” қўлига етиб боришининг олди олинган бўлса, 20 декабр куни Юнусобод туманида ўтказилган тадбирда ушбу ҳудудда истиқомат қиладиган фуқаролардан бирининг ёнидан 12,4 минг дона пиротехника воситаси далилий ашё сифатида олинган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: