Ўзбекистонда 190 ёнғин рўйхатга олинди, 3 киши ҳалок бўлиб, тўрт киши жароҳатланди
Тошкент. 2 декабр. ЎзТАГ - Ўтган ҳафта мобайнида республикада 190 ёнғинлар қайд этилган. Турли сабабларга кўра содир бўлган ёнғинларда 4 нафар фуқаролар тан жароҳатлари олишган ва 3 киши ҳалок бўлди. Ёнғин бўлинмаларининг оператив ҳаракатлари билан 663 млн сўмдан ортиқ қурилиш конструкциялари ва 839 млн сўмга яқин моддий бойликлар ёнғиндан сақлаб қолинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Қорақалпоғистон Республикаси Қораўзак туманида яшовчи фуқаро А.Темировнинг уйида электр симларнинг қисқа туташуви натижасида ёнғин содир бўлиб, уйнинг 70 кв. метр майдонида том қисми ёниб зарарланган. Фарғона вилояти Қувасой туманида яшовчи фуқаро М.Алиевнинг уйида электр симларнинг қисқа туташуви натижасида ёнғин содир бўлиб, уйнинг 40 кв. метр майдонда томи, шифт қисми ва уй жиҳозлари ёниб зарарланган. Ёнғин ўчириш вақтида уй эгасининг ўғли М.Олимов куйиш тан жароҳатини олиб шифохонага ётқизилган. Хоразм вилояти Гурлан туманида яшовчи фуқаро А.Йўлдашевнинг уйида очиқ оловдан фойдаланишда эхтиётсизлик оқибатида ёнғин содир бўлиб, молхонанинг 20 кв. метр майдонда том қисми ва ғамлаб қўйилган хашаги ҳамда қўшнисининг молхонасини 30 кв. метр майдонда том қисми ёниб зарарланган”, - дейилади Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарида.