Ўзбекистонда 2,7 минг корхона қайта тикланади
Тошкент. 1 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда 2,7 минг объектларни қайта тиклаш ёки улар асосида ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш бўйича “йўл ҳарита”лари ишлаб чиқилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу объектлар йил бошидан бери Ўзбекистон президенти топшириғига мувофиқ ўтказилган мониторинг доирасида аниқланди. Таҳлил натижасида олдин хусусийлаштирилган деярли 40 минг объектлар бўйича улардан 3,9 минги бўш ётгани ёки тўлиқ ишлатилмагани аниқланди.
Ушбу маълумотлар давлат раҳбари раислигида хусусийлаштириш масалалари бўйича мажлисда очиқланди. Ишлаб чиқилган “йўл ҳарита”лари бўйича 2,7 трлн сўмлик сармояларни ўзлаштириб, 25 мингдан зиёд иш жойлари ташкил этиш режалаштирилаётгани таъкидланди. Ҳозирга келиб 420 корхона фаолияти қайта тикланган, йил охиригача 1,8 минг объектларда иш тикланади.
Жорий йилда 408 давлат объектлари хусусий мулкдорларга сотилган. Бундан 278 таси “нол” қийматида 1,6 трлн сўм сармоя киритиш ва 10 мингдан ортиқ иш жойи яратиш шарти билан берилган.
Ҳозирги пайтда яна 388 давлат объектлари сотувга қўйилган, булардан 161тасини “нол” қийматида сотиш режалаштирилмоқда.