Ўзбекистонда 2011 йилдан бери дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқариш 4 марта ўсди

Дата: 15:26, 19-10-2017.

Тошкент. 19 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда 2011 йилдан бери дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқариш 4 марта ўсди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Хусусан, бу ҳақида 18 октябрда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, сифатли дори-дармон билан таъминлаш борасидаги ислоҳотлар таҳлилига бағишланган йиғилишда сўз кетди.

“Жорий йилда “Ўзфармсаноат” акциядорлик концерни томонидан 76 янги маҳсулот ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқариш 2011 йилга нисбатан 4 марта ўсди”, - дейилади давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабарида.

Фармацевтика соҳасида янги, юқори технологияларга асосланган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш учун Ўзбекистон тараққиёт ва ривожланиш жамғармасидан $250 млн миқдорида кредит ресурслари ажратилди. Умумий қиймати қарийб $400 млнга тенг бўлган 70дан ортиқ инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бошланиб, уларнинг 33 таси жорий йилда ишга туширилади.

“Бу йўналишда амалга оширилаётган изчил ишлар ўз самарасини бера бошлади. Масалан, фармацевтика маҳсулоти экспорти 40%га оширилишига эришилди, юқори технологиялар жорий қилиниши эвазига ҳар бир ишчига ишлаб чиқариш самарадорлиги 35%га ўсди. Маҳаллий фармацевтика корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган дорилар тури 2,3 мингдан ошди”, - дейилади хабарда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: