Ўзбекистонда 2017 йилнинг 1 апрелидан бошлаб гумондорларни вақтинчалик ушлаб туриш муддати 72 соатдан 48 соатгача қисқартирилади

Дата: 17:54, 24-10-2016.

Тошкент. 24 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда 2017 йилнинг 1 апрелидан бошлаб гумондорларни вақтинчалик ушлаб туриш муддати 72 соатдан 48 соатгача қисқартирилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан кўзда тутилган.

Унда таъкидланишича, 2017 йилнинг 1 апрелидан бошлаб жиноят, жиноят-процессуал, фуқаролик процессуал ва бошқа қонун ҳужжатларига бир қатор ўзгартишлар киритилмоқда.

Шу жумладан, қамоқ тарзидаги жиноий жазо тури тугатилиб, унинг ўрнига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазонинг муқобил турларини қўллаш имконияти кенгайтирилмоқда, жиноят содир этишда гумон қилинган шахсларни ушлаб туриш муддати 72 соатдан 48 соатгача, қамоққа олиш ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллашнинг, шунингдек жиноят ишлари бўйича дастлабки терговнинг энг кўп муддатлари 1 йилдан 7 ойга қисқартирилмоқда.

Бундан ташқари, прокурорларнинг қатор тергов ҳаракатларига рухсат бериш бўйича ваколатлари суд органларига берилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: