Ўзбекистонда 2019-2022 йилларда юқумли бўлмаган касалликларнинг профилактикаси бўйича концепция тасдиқланди
Тошкент. 19 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда 2019-2022 йилларда юқумли бўлмаган касалликларнинг профилактикаси бўйича концепция тасдиқланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“2019-2022 йилларда юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш Концепцияси тасдиқлансин”, - дейилади Ўзбенкистон президентининг “Юқумли бўлмаган касалликларнинг профилактикасини, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида.
Шунингдек, тегишли чоралар дастури ҳам тасдиқланди.
Айни пайтда давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг асосий мезонларидан бири ходимлар жамоасининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш, уларнинг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш мақсадида барча зарур шароитларни яратиш, ушбу вазифаларга эришишга қаратилган чора-тадбирларни мунтазам равишда ташкил қилиб бориш ҳисобланади.
Бундан ташқари, Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги Республика диетология ўқув-илмий маркази негизида давлат муассасаси шаклида Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази ташкил этилади.
Сурат манбаи: http://pro-volhov.ru