Ўзбекистонда 2019 йилга қадар туризмни ривожлантириш дастури тасдиқланди

Дата: 16:10, 17-08-2017.

Тошкент. 17 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти 2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисидаги дастурни тасдиқлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Тармоқнинг яқин истиқболдаги вазифалари орасида – соҳада меъёрий-ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, Ўзбекистонга саёҳатларни арзонлаштириш, барча ҳудудларида туризмни ва соҳа билан боғлиқ инфратузилмани ривожлантириш, туристик маҳсулотларни диверсификация қилиш ва янги туризм объектлари ташкил этиш, шунингдек, миллий туризм маҳсулотларини ички ва ташқи бозорларда фаол ва комплекс илгари суриш кабилар бор.

“Ўзбекистонда Андижон вилояти Хонобод шаҳрида дам олиш ҳудудлари, Жиззах вилояти Фориш ва Арнасой туманларида Айдар-Арнасой кўллари соҳилида бешта янги замонавий дам олиш ҳудудлари ташкил этиш, Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз ва Қарши шаҳарларида тўрт юлдузли меҳмонхоналар, Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Чимён тоғ массивида меҳмонхона мажмуаси барпо этиш, шунингдек, Навоий вилоятида Тўдакўлнинг жанубий соҳилида ички туризм ва Айдаркўл соҳилларида хорижлик туристлар учун пляжлар ташкил этиш кўзда тутилган”, - дея қайд этилади хужжатда.

Ҳукумат ташкил этилаётган туризм ҳудудлари ва тоғ (тоғолди) туризм кластерларига чет эл сармоядорларини жалб қилиш, шунингдек, янги меҳмонхоналар қуриш учун юртимизга етакчи меҳмонхона брендларини таклиф қилиш ёки мамлакатимиздаги меҳмонхона хўжаликларини улар бошқарувига топширишни режалаштирмоқда.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектларига янги меҳмонхоналар ва туризм инфратузилмасининг бошқа иншоотларини қуриш, мавжудларини модернизация қилиш учун узоқ муддатли (15 йилгача) кредитлар ажратиш амалиёти жорий қилинмоқда. Бунда кредит ва фоизларни қоплаш учун меҳмонхоналарнинг молиявий тушуми ва мавсумий шароитидан келиб чиқадиган талаблар тақдим қилинмоқда.

Бундан ташқари, давлат раҳбари 2022 йил 1 январга қадар меҳмонхоналар бошқарув ходими сифатида жалб қилинган малакали хорижлик мутахассисларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш фондидан ягона ижтимоий тўлов тўлашдан, шунингдек, меҳмонхоналарга бошқарув ходими сифатида жалб қилинадиган малакали хорижлик мутахассисларнинг даромадлари жисмоний шахсларнинг даромад солиғидан озод этди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: