Ўзбекистонда 2020 йилдан бошлаб 28 турдаги маълумотномалар бекор қилинади

Дата: 12:33, 11-12-2019.

Тошкент. 11 декабрь. ЎзТАГ – Ўзбекистонда 2020 йилдан бошлаб 28 турдаги маълумотномалар бекор қилинади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ва замонавий бошқарув принципларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорга мувофиқ, 2020 йил 1январдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари томонидан фуқаролардан 28 турдаги ҳужжатларни талаб қилишга ва уларни фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан беришга йўл қўйилмайди", - дейилади Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Хусусан, рўйхатга қуйидагилар киради:

1. Яшаш жойидан маълумотнома;

2. Ариза берувчининг яшаш жойи бўйича яшаётганлиги (рўйхатдан ўтказилганлиги) тўғрисидаги гувоҳнома;

3. Доимий ва вақтинча рўйхатдан ўтган яшовчилар сониг гувоҳномаси;

4. Яшаш муддати кўрсатилган доимий яшаш жойидан маълумотнома;

5. Яшаётган шахслар сонини тасдиқловчи маълумотнома;

6. Турар жойда яшовчи шахсларни кўрсатган ҳолда маълумотнома;

7. Ариза берувчининг яшаш жойида бир ўзи яшаши (рўйхатга ўтганлиги) тўғрисидаги гувоҳнома;

8. Фуқаронинг ёлғиз яшаши фактини тасдиқловчи маълумотнома;

9. Оила аъзоларинингпенсионер билан вафот этган кунигача бирга яшаб турганлиги ҳолатини тасдиқловчи маълумотнома;

10. 80 ёшга тўлган, ўзгалар парваришига муҳтож кексаларга ғамхўрлик қилган вақтни тасдиқловчи маълумотнома;

11. Қарамоғида меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоларининг борлигини тасдиқловчи маълумотнома;

12. Вафот этган боқувчининг қарамоғидаги оила аъзоларининг таркиби тўғрисида маълумотнома;

13. Вафот этган ходим билан қариндошлик даражасини тасдиқловчи маълумотнома;

14. Шахсий ёрдамчи хўжаликларда ишлайдиган фуқароларнинг бандлигини тасдиқловчи маълумотнома;

15. Шахс ҳақиқатан ҳам ногирон кишига ғамхўрлик қилаётганини тасдиқловчи маълумотнома;

16. Ишсизлик тўғрисидаги маълумотнома;

17. Вафот этган боқувчининг ота-оналари, турмуш ўртоғи, буваси, бувиси, ака-укаси ёки опа-синглисидан бири вафот этган боқувчининг болалари, ака-укалари, опа-сингиллари ёки набираларини, ишловчиларга болага қараш учун иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътилда бўлиш ҳуқуқини берадиган ёшга тўлгунга қадар парвариш қилиш билан банд бўлганлигини ва ишламаганлигини тасдиқловчи маълумотнома;

18. Вафот этган шахснинг ота-оналари, турмуш ўртоғи ёки оиланинг бошқа аъзоси вафот этган шахснинг уч ёшга тўлмаган болалари, ака-укалари, опа-сингиллари ёки набираларини парвариш қилиш билан банд бўлганлигини ва ишламаганлигини тасдиқловчи маълумотнома;

19. Ходимнинг қарамоғида бўлган оила аъзоси вафот этган тақдирда нафақа тайинлаш учун маълумотнома;

20. Туғилганлик ҳақида такрорий гувоҳномаларни олиш учун вояга етмаган шахснинг ёки паспорт олмаган шахснинг фотосурати ёпиштирилган маълумотнома;

21. Васийликка олинганларни таъминлаш ва уларни зарур даражада парваришлаш бўйича қариндошларининг бунга қодирлигини тасдиқловчи маълумотнома;

22. Васий ёки ҳомий бўлиш истагини билдирган ишсиз шахслар учун маълумотнома;

23. Шахсий ёрдамчи хўжаликда қорамол мавжудлиги ёки бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан шуғулланганлиги тўғрисида маълумотнома;

24. Ўзи ишлаб чиқарган товарларни чакана савдоси билан шуғулланиш учун шарт-шароитлар мавжудлигини тасдиқловчи маълумотнома;

25. Касалликка чалинган (сил, тери-таносил касалликларининг оғир кўриниши, қандли диабетнинг йирингли яллиғланиши, псориаз) аёлларнинг алоҳида хонада яшаши кераклиги тўғрисида маълумотнома;

26. Кам даромадли оилада ёлғиз ўзи икки ёки ундан ортиқ вояга етмаган болаларни тарбиялаётган аёллар ҳақида маълумот;

27. Жазони ўташ жойидан озод этилган шахсларнинг, шунингдек, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазога ҳукм қилинган шахсларнинг тавсифига оид маълумотнома;

28. Дафн ўтказилганлигини тасдиқловчи маълумотнома.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда уларнинг таркибий бўлинмалари ўртасида ҳисобот ва ҳужжат айланиши электрон шаклда шакллантирилади ва амалга оширилади.

Сурат манбаи: vesti.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: