Ўзбекистонда 2021 йилдан бошлаб мажбурий тиббий суғурта тизими босқичма-босқич жорий этилади

Дата: 11:06, 12-11-2018.

Тошкент. 12 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда 2021 йилдан бошлаб мажбурий тиббий суғурта тизими босқичма-босқич жорий этилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

9 ноябр куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, ҳудудлар аҳолисини сифатли тиббий хизмат билан қамраб олиш, тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотлар натижаларини таҳлил қилиш ва истиқболдаги устувор вазифаларни белгилашга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда тиббиёт соҳасини ўрта ва узоқ муддатли истиқболда ривожлантириш йўналишлари муҳокама қилинди. Президент Ўзбекистонда 2025 йилгача соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш бўйича концепция лойиҳасини пухта ишлаб чиқиш юзасидан кўрсатмалар берди.

Шундан кейин қайд этилишича, соҳани молиялаштиришнинг амалдаги смета усули эскиргани, тиббиёт муассасалари қанча бемор даволанганига қараб эмас, койка-ўринлар сонига қараб молиялаштириб келинаётгани қайд этилди. Бугунги замон талаблари ва хориж тажрибасидан келиб чиқиб, синов тариқасида мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида биттадан тиббиёт бирлашмасини аҳоли жон бошига ва стационар шароитда даволанганлар сонига қараб молиялаштириш бўйича топшириқ берилди.

Бундан ташқари, бугунги кунда барча ривожланган давлатларда мажбурий тиббий суғурта тизими жорий этилган. Бу орқали бюджет харажатларини камайтириш, тиббий хизмат сифатини оширишга эришилган.

“Йиғилишда 2021 йилдан бошлаб юртимизда ҳам мажбурий тиббий суғурта тизимини босқичма-босқич жорий этиш, Жанубий Корея, Сингапур, Германия каби давлатлардан халқаро консультантларни жалб қилган ҳолда, тегишли қонун ва қонуности ҳужжатларини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди”, - дейилади президент матбуот хизматининг хабарида.

2018 йилда тиббиёт соҳасига давлат бюджетидан 2017 йилга нисбатан 40% кўп маблағ ажратилди. Йиғилишда келаси йил соҳага қарийб 30% кўп маблағ йўналтириш режалаштирилгани қайд этилди.

Шунингдек, тиббиёт соҳасида давлат-хусусий шериклик тизимини ривожлантириш, айрим даволаш муассасаларини шундай шериклик асосида юқори технологик ускуналар билан жиҳозлаш, уларга тўлиқ молиявий мустақиллик бериш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Шундан кейин қайд этилишича, тиббий таълим тизимини ислоҳ қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Нуфузли хорижий таълим муассасалари филиалларини очиш, олий ўқув юртлари, илмий-тадқиқот институтлари ва ихтисослашган тиббиёт марказлари ўртасида интеграцияни кучайтириш масалалари бўйича ҳам топшириқлар берилди.

Сурат манбаи: https://president.uz (совещание)

Янгилик билан ўртоқлашиш: