Ўзбекистонда 2021 йилдан бошлаб мажбурий тиббий суғурта жорий этилади

Дата: 15:01, 10-12-2018.

Тошкент. 10 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда 2021 йил 1 январдан бошлаб мажбурий тиббий суғурта жорий этилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатасининг 2021 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикасида мажбурий тиббий суғурталашни босқичма-босқич жорий этиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин”, - дейилади президентнинг “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида.

Шунингдек, 2019 йил 1 апрелдан бошлаб республиканинг 3-иловага мувофиқ айрим туманларида тиббиёт муассасаларини “ҳар бир даволанган ҳолат” учун клиник-харажат гуруҳлари бўйича ва киши бошига молиялаштириш тизимини эксперимент тартибида жорий этилади. 2020 йил 1 апрелдан бошлаб янги молиялаштириш механизмлари республиканинг барча ҳудудларида босқичма-босқич татбиқ этилади.

Бундан ташқари, 2019 йил 1 июлдан бошлаб вилоят ва туман (шаҳар) даражасидаги стационар соғлиқни сақлаш муассасаларида аралаш молиялаштириш тизимини жорий этиш, бунда кафолатланган бепул тиббий хизмат ҳажмига кирмайдиган даволаш турлари пуллик асосда амалга оширилади.

Ҳужжатга мувофиқ, 1 июлдан бошлаб айрим даволаш-профилактика муассасаларини инвестиция лойиҳалари асосида белгиланган тартибда инвесторларга ишончли бошқарувга беришни Ўзбекистон президенти 2020 йил 1 апрелга тайёрлашни топширди.


Сурат манбаи: https://informburo.kz

Янгилик билан ўртоқлашиш: