Ўзбекистонда 2021 йилга қадар иқтисодиётни ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилади

Дата: 17:11, 15-12-2016.

Тошкент. 15 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда 2021 йилга қадар иқтисодиётни ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Биз Ўзбекистонни 2017-2021 йилларда ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқишга киришдик, яқин орада у оммавий муҳокама учун тақдим этилади”, - деб иқтибос келтиради РИА Новости Мирзиёевнинг парламент палаталари қўшма мажлисидаги маърузасидан.

Унинг сўзларига кўра, дастур давлат қурилиши, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, иқтисодиётни эркинлаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантиришни жадаллаштириш ва фаол ташқи сиёсатни амалга оширишга оид бешта асосий устувор йўналишни қамраб олади.

Мирзиёев вазирлар маҳкамаси ижроя таркибига ҳам жиддий ўзгартишлар киритилишини қўшимча қилди.

Олдин хабар берилгани каби, 14 декабрда Олий Мажлис палаталарининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг лавозимига тантанали киришишига бағишланган қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ш.Мирзиёев ўзбек халқига қасамёд қилиб, мамлакат президенти вазифасини бажаришга киришди.

Шунингдек, мажлисда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари бўлиб ишлаётган Абдулла Арипов мамлакат бош вазири этиб тасдиқланди.

Эслатиб ўтамизки, 4 декабрда Ўзбекистонда навбатдан ташқари президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Уларда Ш.Мирзиёев 88,61% овоз билан ғолиб бўлди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: