Ўзбекистонда 2021 йилга қадар ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастури тасдиқланди

Дата: 16:15, 24-04-2017.

Тошкент. 24 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти 2017-2021 йилларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастурини тасдиқлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Хужжат доирасида 10,2 минг километр ичимлик суви қувурлари ва тармоқлари, 1677та сув чиқариш қудуғи, 1744та сув минораси ва резервуари қуриш ҳамда реконструкция қилиш, шунингдек, 1440 дона насос ускунасини ўрнатиш назарда тутилмоқда.

“Бундан ташқари, 20та ичимлик суви таъминоти объектини қуриш ва реконструкция қилиш, 302 километрдан иборат сув ўтказиш ва водопровод тармоқларини барпо этиш бўйича йирик лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилган 2017-2021 йилларда минтақалараро аҳамиятга молик ичимлик суви таъминоти тизимлари ва ўта муҳим объектларни барпо этиш ҳамда реконструкция қилиш бўйича манзилли дастур амалга оширилади”, - деб таъкидлашди давлат раҳбарининг матбуот хизматида.

Дастурни 2017-2021 йилларда молиялаштириш учун 4,8 трлн сўм, жумладан, давлат бюджетидан 2,2 трлн сўм, халқаро молия институтларининг 2,6 трлн сўм ёки $730,7 млн миқдоридаги маблағлари йўналтирилади.

Дастурни амалга ошириш орқали ҳукумат шаҳар ва туманлар, қишлоқ ва маҳаллаларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини тубдан яхшилаш, аҳолини марказлашган ичимлик суви таъминоти билан қамраб олишни республикамиз миқёсида 84%га, бир қатор ҳудудларда эса 90%га етказиш ниятида.

Янгилик билан ўртоқлашиш: