Ўзбекистонда 2021 йилгача тараққиётнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ишлаб чиқилди

Дата: 14:51, 19-01-2017.

Тошкент. 19 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистонда 2017-2021 йилларда мамлакат тараққиётининг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ишлаб чиқилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Хужжат лойиҳаси муҳокама учун норматив-ҳуқуқий актлар муҳокамаси порталига жойлаштирилган.

Замонавий Ўзбекистоннинг энг муҳим вазифаларидан бири – демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатимизни модернизация қилишда парламентнинг ролини янада кучайтириш, давлат бошқаруви ва давлат хизматининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини ривожлантириш, давлатнинг иқтисодиётни тартибга солиш борасидаги функцияларини қисқартириш, «ягона ойна» тамойили бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тизимини кенг жорий этиш, жамоатчилик назорати механизмларини амалда татбиқ этиш ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш йўлида давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришдир.

“Стратегия суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш, юртдошларимиз томонидан одил судловга эришиш даражасини ошириш, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш, суд жараёнида тортишув тамойилини тўлақонли жорий этиш, юридик ёрдам ва хизматлар сифатини тубдан яхшилаш учун қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга эътиборни янада кучайтиришни ҳам кўзда тутади”, - дейилади хужжат матнида.

Энг муҳим йўналишлар орасида – иқтисодиётнинг очиқлиги ва рақобатдошлигини ошириш, иқтисодий мустақилликни кучайтириш, макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, етакчи ишлаб чиқариш тармоқларини модернизация ва фаол диверсификация қилиш, молия-банк соҳасини тубдан ислоҳ этиш, хусусий мулк ва тадбиркорликни ҳар томонлама ҳимоя қилиш, ташқи иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш, туризм тармоғини самарали ривожлантириш, қишлоқ хўжалигида таркибий ўзгартиришларни амалга ошириш мақсадида иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш ҳам кўрсатилган.

Иш ҳақи, пенсия ва нафақалар миқдорини босқичма-босқич ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш масаласини самарали ҳал этиш, фуқароларни замонавий ва арзон уй-жойлар билан таъминлаш, уй-жой ва коммунал хўжалигини, социал инфратузилма объектларини модернизация қилиш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва соғлиқни сақлаш, илм-фан, таълим-тарбия тизимини, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш йўлида ижтимоий соҳани ривожлантириш масалалари ҳам эътибордан четда қолмайди.

Стратегияни амалга ошириш бўйича махсус Миллий комиссия ташкил қилиш ҳам таклиф этилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: