Ўзбекистонда 2022 йилга қадар иссиқлик таъминоти дастури тасдиқланди

Дата: 15:18, 25-04-2017.

Тошкент. 25 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2018-2022 йилларда иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш дастурини тасдиқлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Хужжатда иссиқлик таъминоти тизимига энергия ва ресурсларни тежайдиган янги технологиялар ва ускуналарни, шу жумладан, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда жорий этиш, энергия самарадорлиги юқори бўлган маҳаллий қозонхоналар қуриш, шунингдек, хонадонларга якка тартибда ички иссиқлик таъминоти тизимини ўрнатиш, 2018-2022 йилларда иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш дастурининг кўрсаткичлари белгилаб берилган.

“Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари – Дастурнинг самарали ва ўз вақтида амалга оширилиши учун масъул бўлган ижро этувчи органлар ҳисобланади”, - деб таъкидланади хужжатда. 

 Янги дастурнинг барча лойиҳалари амалга ошириш учун давлат бюджети, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг ўз маблағлари, тижорат банклари кредитлари, пудрат ташкилотлари маблағлари ва Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1,7 триллион сўм йўналтириш кўзда тутилган. 

Дастурда маҳаллий қозонхоналар ва хонадонлар ичидаги якка тартибдаги иссиқлик таъминоти тизимининг энергия самарадорлиги бўйича шаҳарсозлик меъёр ва қоидаларини ишлаб чиқиш, бино ва иншоотлар лойиҳасида уларга қуёш коллекторлари ўрнатишни назарда тутиш, шунингдек, қуёш коллекторларини тайёрлаш, синовдан ўтказиш ва қўллашга доир давлат стандартларини ишлаб чиқиш белгиланган. 

Бундан ташқари, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб мамлакатимизда энергия самарадорлиги юқори бўлган маҳаллий қозонхоналар, хонадонларга якка тартибда ўрнатиладиган ички иссиқлик таъминоти тизимлари ишлаб чиқаришни ташкил қилиш ҳамда уларни Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурига киритиш назарда тутилган.  

Янгилик билан ўртоқлашиш: