Ўзбекистонда 209 ёнғинлар натижасида 4 киши жабрланди

Дата: 13:27, 24-02-2016.

Тошкент. 24 феврал. ЎзТАГ –15-21 феврал орасида я Ўзбекистонда 209 ёнғинлар натижасида 4 киши жабрланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўтган ҳафта мобайнида республикамиз ҳудудида 209 та ёнғинлар қайд этилган. Турли сабабларга кўра содир бўлган ёнғинларда 4 нафар фуқаролар тан жароҳатлари олишган. Ушбу ёнғинларда 1 млрд 224 млн сўмдан ортиқ қурилиш конструкциялари ва 916 млн сўмга яқин моддий бойликлар ёнғиндан сақлаб қолинган”, - дейилади ЎзР ИИВ Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси хабарида.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ёнғинларнинг асосий сабабларидан бири –фуқароларнинг бепарволиги бўлиб қолмоқда.

Хусусан, Тошкент шаҳар Яшнобод туманида яшовчи фуқаро Ф.Алимов уйида маст ҳолда сигарета чекиб ухлаб қолиши натижасида 80 кв метр майдонда томи, шифт қисми ва уй жиҳозлари ёниб зарарланган.

Сирғали туманида яшовчи фуқаро Қ.Рашидов уйида ҳам шу сабабли ёнғин чиққан. Ёнғин натижасида куйиш тан жароҳати олган уй эгаси ёнғин ўчирувчилар томонидан қутқарилиб, шифохонага юборилган.

Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида ва Сурхондарё вилояти Денов туманида яшовчи фуқароларнинг уйида иситиш печининг дудбурони қизиб кетиши натижасида ёнғин содир бўлиб, уйнинг 150 кв.м. ва 120 кв. м. майдонида томи, шифт қисми ва уй жиҳозлари ёниб зарарланган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: