Ўзбекистонда 3 корхона тугатилади, 38таси учун молиявий соғломлаштириш бўйича “йўл ҳариталари” ишлаб чиқилади
Тошкент. 4 июн. ЎзТАГ - Ўзбекистонда 3 корхона тугатилади, 38таси учун молиявий соғломлаштириш бўйича “йўл ҳариталари” ишлаб чиқилади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистон ҳукуматининг шунга доир “Минтақавий аҳамиятдаги паст рентабелли, зарар кўриб ишлаётган ва иқтисодий ночор корхоналарни молиявий соғломлаштириш - «йўл харитаси» дастурларини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори Norma.uz сайтида эълон қилинган.
Юқоридаги чоралар Ўзбекистоннинг 9 ҳудудидаги 41 корхоналарнинг молиявий аҳволини ўрганиш натижасида қабул қилинган. Молиявий соғломлаштириш чоралари орасида мавжуд активлардан самарали фойдаланиш, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларини оптималлаштириш ва мавжуд ресурсларни мобилизация қилиш кабилар бор. Бундан ташқари, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини техник ва технологик модернизация қилиш, янги технологияларни жорий этиш, янги маҳсулот турларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, корхоналарни электр қуввати билан кафолатланган ҳолда таъминланиши учун чоралар кўриш, молиявий мажбуриятларни реструктуризация қилиш, айланма маблағларни тўлдириш, - шу жумладан, кредитлар ҳисобига, - режалаштирилмоқда.


