Ўзбекистонда 3 мингдан зиёд болалар боғчалари очилади

Дата: 12:31, 09-03-2018.

Тошкент. 9 март. ЎзТАГ – Ўзбекистонда 3 мингдан зиёд болалар боғчалари очилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Биз бу йил 3 мингдан зиёд болалар боғчасини ташкил этишни режалаштирганмиз. Шундан 1 минг 200 та боғча янгидан қурилади, 1 минг 360 та боғча мавжуд биноларда ва 470 та боғча эса уй боғчаси сифатида ташкил этилади. Бу борада давлат-хусусий шериклик муносабатлари асосида ҳудудларга бириктирилган тижорат банклари ва тадбиркорлар имкониятларини кенг ишга соламиз”, - дейилади Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишланган учрашувдаги нутқида.  

Мен ҳудудларга борганимда шаҳар ва туманларимизда барпо этилаётган янги боғчалар, улардаги шароитлар билан танишишга алоҳида эътибор бераман, деди давлат раҳбари. “Энг асосийси, бундай ишлардан оналар, аёлларимиз, жажжи фарзандларимиз мамнун бўлмоқда” – деб таъкидлади Мирзиёев.

“Айни вақтда бу соҳада ҳал қилишимиз зарур бўлган масалалар ҳам кўп. Масалан, ушбу тизимда фаолият кўрсатаётган қарийб 60 минг тарбиячининг атиги 21 фоизи олий маълумотли, қолгани эса ўрта махсус маълумотга эга. Ана шу масалани ҳал қилиш учун 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб олий ўқув юртларида мактабгача таълим йўналиши бўйича кундузги бўлимда бакалаврлар тайёрлайдиган 3 йиллик тизимни жорий этмоқдамиз. Шунингдек, бу йўналиш бўйича сиртқи ва кечки таълим шаклида бакалаврлар тайёрлаш тизими ҳам йўлга қўйилади. Март ойидан бошлаб ҳудудларимиздаги университет ва педагогика институтлари базасида боғча педагоглари ва шу соҳада мутахассис бўлмаган кадрлар учун ярим йиллик ўқув дастурлари асосида қайта тайёрлаш курслари ташкил этилмоқда”, - деб таъкидлади Ўзбекистон президенти.

Сизга маълумки, дея қайд этди давлат раҳбари, биз ушбу соҳа ходимларининг машаққатли меҳнатини рағбатлантириш мақсадида яқинда алоҳида қарор қабул қилдик. “Унга асосан, шу йил 1 мартдан бошлаб боғча ходималарининг иш ҳақи икки босқичда сезиларли равишда ошириб борилади. Ана шу мақсадлар учун 2018 йилда давлат бюджетидан 386 миллиард сўм қўшимча маблағ ажратилади”, - деди Мирзиёев.

Ўзбекистон президентининг сўзларига кўра, бундан ташқари, 2023 йилнинг 1 январигача Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё ва Бухоро вилоятидаги иқтисодий аҳволи оғир бўлган айрим туманларда мактабгача таълим муассасаларида боғча тўловлари миқдори 50 фоизга камайтирилди.

Сурат манбаи: https://www.gazeta.uz/ru/2018/01/09/kindergarten/

Янгилик билан ўртоқлашиш: