Ўзбекистонда 336 мингдан зиёд иш жойлари яратилди
Тошкент. 2 феврал. ЎзТАГ – 2017 йилда Ўзбекистонда 336 мингдан зиёд янги иш жойлари яратилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ўзбекистон учун жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган янги иш жойлари яратилишига устувор эътибор берилмоқда. 2017 йилда янги саноат корхоналарини барпо этиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, хизмат кўрсатиш соҳасини кенгайтириш ҳисобига 336 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди”, - дейилади Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 72-сессиясида тарқатилган “2030-йилгача давр учун барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартибини амалий тадбиқ этилиши бўйича Ўзбекистон ҳукумати чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳужжатда.
Шундан кейин таъкидланишича, давлат сиёсатининг ўта муҳим йўналиши бўлган ижтимоий соҳани ислоҳ қилиш бўйича қабул қилинган дастурларнинг амалга оширилиши таъминланмоқда. “Ҳукумат имтиёзли ипотека кредитлари асосида янгиланган лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуришни бошлади. Шаҳар ва қишлоқларда умумий майдони 3,5 миллион квадрат метр бўлган намунали ва кўп қаватли уйлар қурилди. Ўтган йилларга нисбатан уй-жой қурилиши ҳажми 2007 йил билан таққослаганда 20 баробарга, лойиҳалар бўйича уй-жой қурилиши дастурини амалга ошириш бошланган 2010 йилга нисбатан 3,5 баробарга, 2014 йилга нисбатан 2 баробарга ошди”, - деб таъкиддланади ҳужжатда.
Эслатиб ўтамизки, “2030-йилгача давр учун барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартибини амалий тадбиқ этилиши бўйича Ўзбекистон ҳукумати чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳужжат Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлисга мурожаатининг асосий тезисларини ўзида акс эттиради.
Сурат манбаи: http://actualitati.md/v-moldove-na-rynke-truda-est-bolee-9-ty