Ўзбекистонда 4 пахта заводи реконструкция қилинади

Дата: 13:23, 27-06-2014.

Тошкент. 27 июн. ЎзТАГ – “Ўзпахтасаноат” Ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Сурхандарё вилоятларидаги 4 пахта тозалаш заводини модернизация ва технологик қайта ишлашга 19 млрд сўм атрофида маблағ ажратди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ассоциациядан хабар қилишларича, тармоқ корхоналари томонидан ўтаётган мавсумда 3,413 млн тонна пахта қайта ишланиб, ундан 1,218 млн тонна пахта толаси олинган. Бундан ташқари, хоорижий ҳамкорлар билан ҳам қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Жумладан, хитойнинг “Чайна Коттон индастриз” компанияси билан Тошкентдаги собиқ Тошкент трактор заводи ҳудудида пахта толаси ва пахта линтини қадоқлаш учун гидравлик пресслар ишлаб чиқариш корхонаси қурилмоқда. Қорхонанинг қиймати $3 млн бўлиб, бу ерда йилига 12 пресс ишлаб чиқарилади. Завод йил охирида ишга туширилади.
Собиқ Янгийўл пахта тозалаш заводи асосида полимер материаллардан қадоқлаш материаллари ишлаб чиқариш корхонаси қурилмоқда. Қиймати $3,5 млн бўлган лойиҳа ҳам хитойлик ҳамкорлар иштирокида ташкил этилмоқда.
Шу билан бирга, янги текстиль корхоналари ташкил этиш бўйича 22 инвестиция лойиҳа амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида Бухоро вилоятида “Асртекс” ҚК базасида “Бухоропахтасаноат” иштирокида қиймати €5 млнлик лойиҳа амалга оширилиб, бу ерда йилига 3 минг тонна калава ишлаб чиқарилади. Йил охиригача Сирдарё вилояти ва Навоий вилоятининг Кармана туманида тикув цехлари ишга туширилади.
Ҳозирда “Ўзпахтасаноат” Ассоциацияси таркибида 99 пахта тозалаш заводлари фаолият юритади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: