Ўзбекистонда $40 млнга масофавий “Келажак университети” ташкил этилади

Дата: 13:57, 30-10-2018.

Тошкент. 30 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан илк марта масофавий “Келажак университети” олий таълим муассасасини ташкил этишга доир $40 млнлик келишув имзоланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Вазирликдан маълум қилишларича, келишув Тошкент Вестминстер университети биносида Инновацион Ривожланиш вазирлиги ҳамда CityU (Гонг Конг), UdacityX MOOC (АҚШ), MOOC Iversity (Нидерландия/Германия), Open Polytechnic (Янги Зеландия) таълим муассасалари ўртасида тузилди.

Бир неча кун аввал бир томонлама имзолаб, почта орқали жўнатилган келишувлар онлайн тарзда Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳамда UdacityX таъсисчиси Даниэл Зарецкий томонидан вазирлик ва университет масъуллари иштирокида имзоланди.

Томонлар университет ва унинг ҳудудий филиалларини ташкил этишга келишиб олдилар, бунда хорижий ҳамкорлар лойиҳага $40 млн ўз маблағларини тикадилар.

Лойиҳа доирасида электрон ахборотларни ва таълим ресурсларини (ўзбек ва рус тилларига таржима қилинган) ўз ичига олган ҳамда талабалар (йилига 50 минг нафар атрофида) томонидан таълим дастурларини, уларнинг қаерда бўлишларидан қатъий назар, ўзлаштиришларини таъминлайдиган электрон ахборот-таълим муҳитининг ишлаши учун шарт-шароитлар яратилади.

Талабаларнинг билимлари синовдан ўтказиларкан, уларнинг натижалари Янги Зеландиядаги маълумотлар базасига бориб тушади ва ўша ерда сақланади. Бу ўз навбатида имтиҳон давомида коррупция юзага келмаслигига кафиллик беради. Бундан ташқари, университетнинг бош идорасида ва филиалларида талабанинг шахсини текшириш ва имтиҳонларни топшириш тартибини назорат қилишни таъминлаган ҳолда аттестация имтиҳонлари ўтказилади.

Сурат манбаи: https://blog.teachmeplease.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: