Ўзбекистонда 620 жуфтлик ва 3,28 минг болаларнинг суннат тўйлари бепул ўтказилиб берилади

Дата: 16:14, 25-04-2017.

Тошкент. 25 апрел. ЎзТАГ – 20 апрелдан 26 майгача Ўзбекистонда камтаъминланган оилаларга мансуб 620 жуфтлик ва “Меҳрибонлик” уйларида тарбияланаётган 3,28 минг болаларнинг суннат тўйлари бепул ўтказилиб берилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу ташаббус билан Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси чиқди. Федерация маълумотларига кўра, мамлакат миқёсида энг чекка қишлоқ ва туманларда яшаётган ижтимоий ҳимояталаб оилалар, “Меҳрибонлик” уйларида тарбияланаётган болаларнинг яшаш шароитлари ўрганилди.

Ҳудудларда ўтказилаётган никоҳ ва суннат тўйлари энг кўркам ва шинам тантаналар саройларида ташкил этилиб, келин-куёвлар ва тўй болалар карнай-сурнай садолари остида миллий анъаналаримизга мувофиқ кутиб олинмоқда. Никоҳ ва суннат тўйларига келин-куёвлар, тўй болаларнинг ота-оналари, яқин қариндошлари, маҳалла фаоллари, фахрийлар, жамоатчилик вакиллари ва ёшлар, ибратли оилалар вакиллари, таниқли санъаткорлар, эстрада гуруҳлари, театр ва кино актёрлари таклиф этилмоқда. 

Никоҳ тўйлари ўтказилаётган ҳар бир келин-куёвга замонавий ётоқхона мебеллари тўплами, тўй болаларнинг ҳар бирига эса китоблар жамланмаси ҳамда Халқ банки бўлимларида болажонлар номига очилган ҳисоб рақамларига 1 миллион сўмдан пул маблағлари ўтказилган жамғарма омонат дафтарчалари тантанали равишда топширилмоқда. Бундан ташқари янги оила қурган ёшларга никоҳ узуклари, келин-куёвлар ҳамда тўй болаларга байрамона миллий либослар ва сарполар ҳадя этилмоқда.

Хайрия тадбирларининг яна бир муҳим жиҳати шуки, янги оила қурган ёшларнинг турмуш фаровонлиги уларнинг бандлик даражасига боғлиқ эканлигидан келиб чиққан ҳолда никоҳ тўйлари арафасида келин-куёвларнинг иш билан таъминланганлик ҳолати атрофлича ўрганилиб, тегишли тартибда ёшларни ишга жойлаштириш тадбирлари кўрилди. Иш билан таъминланишга муҳтож бўлган келин-куёвларга никоҳ тўйларида меҳнат дафтарчалари топширилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: