Ўзбекистонда 7,5 минг ноқонуний таксичилар аниқланди (қўшимча)

Дата: 13:21, 08-04-2016.

Тошкент. 8 апрел. ЎзТАГ – 2016 йил бошидан бери 3,5 минг назорат тадбирлари ўтказилиб, улар доирасида ноқонуний фаолият билан шуғулланган 7,5 минг жисмоний шахслар аниқланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу маълумотлар Давлат солиқ қўмитаси томонидан ўтказилган республика видео-семинарида маълум қилинди.

“Жарималар миқдори 6,5 млрд сўм атрофидани ташкил қилди. Аммо ушбу чоралар биринчи галда қонунга хилоф равишда йўловчиларни ташиётганларни жазолашга эмас, балки йўналишли таксилар фаолиятини бир меъёрга келтириш мақсадида амалга оширилган. Бир томондан биз уларни қонуний даромад топишга йўллаб қўйиш, иккинчи томондан, ташувларда йўловчилар хавфсизлигини таъминлашни мақсад қилганмиз”, - деб таъкидлашди Давлат солиқ инспекциясида.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик кодексининг 176-3 моддасига мувофиқ, автомобиль транспортида лицензиясиз ноқонуний йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиш хусусий автомобиль эгасига энг кам ойлик иш ҳақининг 20 баробаридан 100 баробаригача жарима солиш билан жазоналанади. Компаниялар раҳбарларига, уларнинг ходимлари шундай фаолият устида шугулангудек бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг 50 дан 150 бараваригача жарима солиниши қонунда белгиланган.

Агарда, ушбу ҳолат яна такроран аниқланса, фуқароларга нисбатан жарима миқдори энг кам ойлик маошнинг 25 баробаридан 75 баробаригача оширилади ёки 5 йилгача ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилади ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб этилади.

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистонда 2,47 минг транспорт корхоналари ишлаб турибди. Улар ихтиёрида 60,7 минг транспорт воситаси мавжуд, жумладан, 31,4 минг енгил автомобил бор. Тармоқ корхоналарида 90 мингдан ортиқ киши меҳнат қилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: