Ўзбекистонда 7 бозор раҳбарларига нисбатан жиноий ишлар очилди

Дата: 16:49, 07-09-2018.

Тошкент. 7 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда 7 бозор раҳбарларига нисбатан жиноий ишлар очилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Бош прокуратура томонидан Тошкент шаҳар Савдо департаменти, хизматлар кўрсатиш ва халқ истеъмоли товарларини ишлаб чиқариш соҳасидаги корхонлар ва “Бек тўпи савдо комплекси”, “Чорсу буюм савдо комплекси”, “Чилонзор буюм савдо комплекси”, “Ўрикзор савдо комплекси” АЖ бозорлари, “Эски Жўва деҳқон бозори”, “Юнусобод деҳқон бозори” ва “Сергели автотранспорт ва эҳтиёт қисмлари бозори” деҳқон бозорлари мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши тергов қилинмоқда”, - дейилади муассаса хабарида.

2018 йил 23 август куни интернет тармоғининг қатор сайтларида пиёз чириши ҳолати юзасидан қўзғатилган жиноят иши доирасида Тошкент шаҳридаги бозорларнинг 11 дан ортиқ раҳбарларининг ушланганлиги юзасидан мақолалар эълон қилинди, деб таъкидланади шундан кейин. “Таъкидлаш жоизки, жиноят иши иқтисодиёт асосларига қарши қатор жиноятлар содир этган 7 та бозорнинг раҳбарларига нисбатан қўзғатилган. Хусусан, сифатсиз маҳсулотлар харид қилиш ва уларнинг бузилишига йўл қўйиш орқали давлатга 27,7 млрд сўм миқдорида зарар етказиш, бозорлар ҳудудида пуллик хизматлар кўрсатиш натижасида келиб тушган 3 млрд сўмдан ортиқ пул маблағларини инкассация қилмаслик орқали ўзлаштириш, ҳисобга олинмаган ва ноқонуний қурилмалар (омборхоналар ва енгил тузилмалар) фаолиятидан келиб тушган 2 млрд сўмдан ортиқ пул маблағларини ўзлаштириш, савдо нуқталари фаолиятидан келиб тушган 1 млрд сўмдан ортиқ давлат маблағларини ижара тўловларини топширмаслик орқали талон-торож қилиш, савдо нуқталарини реализация қилиш натижасида тадбиркорлардан 2 мингдан 5 минг АҚШ доллари миқдоригача ноқонуний пул мукофотларини олиш шулар жумласидандир”, - дейилади хабарда.

Мазкур ҳолатлар юзасидан, деб қайд этилади шундан кейин, Савдо департаменти ва бозорларнинг мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан айб эълон қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. “Юнусобод дехкон бозори” АЖ раҳбарлари О.Мустаев ва Б.Юсуповлар томонидан етказилган 800 млн сум атрофидаги зарар, шунингдек “Тошкент озиқ-овқат захира” ДУК директори Р.Расулов томонидан етказилган 3,9 млрд сум атрофидаги зарарнинг тўланганлигини инобатга олган ҳолда уларга нисбатан қўлланилган эҳтиёт чораси озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёт чорасига ўзгартирилди”, - деб таъкидланади хабарда.

Жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Сурат манбаи: https://ru.sputnik-tj.com/asia/20180718/1026172755/uzbekistan-predlagaet-afganistan-rezhim-svobodnoy-torgovli.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: