Ўзбекистонда 8 наркологик диспансер қуриш режалаштирилган
Тошкент. 8 октябрь. ЎзТАГ – Ўзбекистонда 2020 йил охирига қадар 8 та наркологик диспансер қуриш режалаштирилган, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, 2019 йил 3 октябрдаги "Ўзбекистон Республикаси аҳолисига наркологик ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 842-сонли ҳукумат қарори қабул қилинди.
"Қарор билан 2019-2020 йилларда наркология хизматини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди. Дастурга мувофиқ 710 ўринга мўлжалланган 8 та объект, 300 ўринли 3 та объектни реконструкция қилиш ва 312 ўринга мўлжалланган 3 та объектни капитал таъмирлаш режалаштирилган", – дейилади хабарда.
Ҳужжатга мувофиқ Республика наркология маркази негизида Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил этилди. Марказнинг асосий вазифалари орасида наркологик касалликларнинг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволаш тизимини такомиллаштириш, наркология хизмати муассасалари фаолиятини ташкилий-услубий бошқаришни амалга ошириш киради.
Қайд этилганидек, жамоат жойларда маст ҳолатда бўлган шахслар, зарурат туғилганда, уларга тиббий ёрдам кўрсатиш (оғир алкоголли интоксикация ҳолатларидан ташқари) республика қошидаги Қорақалпоғистон наркологик диспансери, Тошкент шаҳар ва вилоят наркологик диспансерларидаги тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларига етказилиши лозим.
Сурат манбаи: baigenews.kz


