Ўзбекистонда 9 майга бағишланган “Ўлмас полк” акцияси бекор қилинди
Тошкент. 28 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистонда 2017 йил 9 майда ўтказиладиган “Ўлмас полк” акцияси бекор қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ҳурматли, ўзбекистонликлар! Бутун дунёда ҳукмрон мураккаб сиёсий вазият туфайли бу йил “Ўлмас полк” акцияси ўтказилмайди. Бу ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган тўғри қарор деб ҳисоблаймиз, зеро иккинчи Питерга ҳожат йўқ. Бизни тўғри тушунинг”, - дейилади хабарда.
Хабарда таъкидланишича, 9 майда Тошкентда Улуғ ватан уруши фахрийлари иштирокида кўргазма ўтказилади. Пойтахтда 401 уруш ветерани истиқомат қилади. Кўнгиллилар уларга совғалар харид қилишга кўмаклашиши мумкин.
Эслатиб ўтамизки, ўтган йил 9 майда ҳокимият рухсат бермаганига қарамасдан “Қардошлар қабри” хотира мажмуида “Ўлмас полк” акцияси ўтказилган эди.
Бишкекда “Ўлмас полк” акциясига 30 минг киши чиқиши кутилмоқда. Акция Қирғизистонда 2013 йилдан бери ўтказилади.
Қозоғистоннинг кўпла шаҳарлари – Астана, Алма-Ата, Қарағанда, Петропавловскда ҳам “Ўлмас полк” акцияси бўлиб ўтади. Бу ерда илк марта 2015 йилда ўтказилган акцияда 1500 киши қатнашган эди.
Туркманистонда “Ўлмас полк” акцияси 2015 йилдан бери ўтказилади. Акция Россиянинг Ашхабоддаги элчихонаси томонидан назорат қилинадиган Пушкин номидаги туркман-россия мактабида бўлиб ўтади.
Тожикистонда “Ўлмас полк” акциясини ўтказиш билан Уруш ва меҳнат фахрийлари Республика ва пойтахт кенгаши шуғулланади. Тантанали тадбир 9 май эрталаб Душанбеда Москванинг 800 йиллиги майдонида бошланиб, Ғалаба паркида якунланади.