Ўзбекистонда аҳоли бандлиги дастури бўйича деярли 900 минг кишини ишга жойлаштириш режалаштирилмоқда
Тошкент. 1 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон парламенти қуйи палатаси депутатлари аҳоли бандлиги дастурини қабул қилдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Дастурда 390 минг кишини доимий иш жойи билан, 200 минг кишини – қишлоқ хўжалиги ҳамда қурилишда мавсумий ва вақтинчалик иш билан, 309 минг кишини – шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликлари, ҳунармандчилик ва оилавий тадбиркорлик орқали иш билан таъминлаш назарда тутилган”, - дейилади парламент қуйи палатаси хабарида.
Таъкидланишича, ўтган йиллардан фарқли равишда келгуси йил дастурининг параметрлари янада оптималлаштирилиб, ҳудудлар ва корхоналарнинг реал имкониятлари ҳисобга олингани алоҳида таъкидланди. Жумладан, қурилиш ва инфраструктурани ривожлантириш, туман ва шаҳарларда кичик саноат зоналари ташкил этиш ҳисобига иш ўринлари яратишнинг йўналишлари кенгайтирилган.
Шунингдек, ушбу дастур лойиҳасини тайёрлашда 2016 йил давомида аҳоли бандлигини таъминлаш параметрларининг ижроси юзасидан депутатлар томонидан амалга оширилган парламент назорати якунлари натижасида ишлаб чиқилган таклифлар эътиборга олинган.
Эслатиб ўтмизки, дастур Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш.Мирзиёевнинг жорий йил 8 сентябрдаги Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузасида баён этилган устувор вазифалардан келиб чиқилганлиги таъкидланди. Мазкур ҳужжат демографик омиллар ва иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқлари салоҳиятини ишга солиш, меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ўзаро боғланган ва комплекс чора-тадбирларни кўзда тутади.