Ўзбекистонда аҳоли учун дори воситаларини арзонлаштириш имконияти топилди
Тошкент. 1 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда аҳоли учун дори воситаларини арзонлаштириш имконияти топилди. Бунинг учун дори воситаларини (моддаларни) мажбурий давлат рўйхатидан ўтказмаган ҳолда вақтинчалик олиб ўтиш даври 6 ойгача, in bulk шаклидаги воситалар учун эса бир ойгача кўпайтирилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғига асосланган ҳолда.
Ушбу вақт мобайнида мамлакат ҳудудига дори воситаларини олиб кириш ва муомалада бўлиши учун фақат мажбурий сертификатнинг бўлиши кифоя.
Буйруқда қайд этилгани каби, ушбу қарор аҳолини дори-дармон воситалари билан янада самаралироқ таъминлашга қаратилган.
Ўтиш давридан кейин давлат рўйхатидан ўтмаган дори-дармонларни олиб кириш таъқиқланади. Илмий-тадқиқот ишлари, клиникагача бўлган тадқиқотлар, клиник тадқиқотлар ва давлат рўйхатидан ўтказиш, савдо намойишлари, ярмарка ва халқаро форумларда намойиш этиш учун олиб келинадиган дори воситалари бундан истисно.
Эслатиб ўтамизки, in bulk шаклидаги дори воситалари – қадоқлашдан бошқа барча ишлаб чиқариш жараёнининг барча босқичларидан ўтган ишлаб чиқарувчи ёрлиқлари қўйилмаган тайёр фармацевтика маҳсулотларидир.