Ўзбекистонда Абай Қўнонбоевнинг “Сайланма” асарлари тайёрланиб, чоп этилади

Дата: 14:47, 15-03-2018.

Тошкент. 15 март. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Абай Қўнонбоевнинг “Сайланма” асарлари тайёрланиб, чоп этилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 мартдаги “Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида”ги ПҚ-3598-сон қарори билан кўзда тутилган.

“Буюк маърифатпарвар шоир ва мутафаккир, эзгулик ва дўстлик куйчиси Абай Қўнонбоевнинг шарафли номи ва бой ижодий мероси нафақат қозоқ халқи, айни пайтда, бутун туркий халқлар, жумладан, ўзбек халқининг ҳам қалбида безавол яшаб келмоқда. Абай Қўнонбоевнинг бутун ҳаёти ва фаолияти, унинг бетакрор ижоди ўз Ватани, миллий ва умуминсоний қадриятларга беғараз хизмат қилишнинг яққол мисолидир”, - деб таъкидланади қарорда.

Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатлари ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга кўтарилаётган бугунги кунда Абай Қўнонбоев сингари улуғ алломаларнинг ўлмас мероси халқларимиз учун янада муҳим маъно ва аҳамият касб этади, - деб қайд этилади қарорда.

Ҳужжатга мувофиқ, Абай Қўнонбоевнинг “Сайланма” асарини ҳамда “Ўзбек ва қозоқ адабий алоқалари” номли адабий-таҳлилий мақолалар тўпламини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш, шунингдек, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида “Абай ва ўзбек адабиёти” номли доимий экспозицияни ташкил этиш кўзда тутилмоқда.

Ҳар йили шоир туғилган 10 август санасида Тошкент шаҳрида ўрнатилган Абай Қўнонбоев ҳайкали пойига гул қўйиш маросими ва мушоира ўтказиш, ўқувчи ва талаба ёшлар ўртасида “Абай асарларининг билимдони” иншолар кўрик-танловини ўтказиш, оммавий ахборот воситаларида Абай Қўнонбоев ҳаёти ва ижоди ҳақида туркум кўрсатув ва эшиттиришлар, мақолалар бериб бориш, шунингдек, Абай Қўнонбоев ҳаёти ва ижоди ҳақида яратилган бадиий ва ҳужжатли фильмларни Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси телеканаллари орқали намойиш этиш режалаштирилмоқда.

Сурат манбаи: https://semey.city/novosti-semeya/18617/

Янгилик билан ўртоқлашиш: