Ўзбекистонда абитуриентлар Инха университетига интернет орқали рўйхатдан утиши мумкин

Дата: 16:27, 13-05-2014.

Тошкент. 13 май. ЎзТАГ - Ўзбекистонда абитуриентлар 7 майдан бошлаб Инха университетига интернет орқали рўйхатдан утиши мумкин, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси матбуот хизматига асосланган ҳолда.
Онлайн рўйхатдан ўтиш жараёнида абитуриент томонидан ўзи ҳақидаги маълумотлар, хусусан, абитуриентнинг тўлиқ исм-шарифи, туғилган йили, ойи ва куни, фуқаролик паспорти тўғрисидаги маълумот, фотосурат, ИЭЛТС (Халқаро инглиз тили тест тизими) сертификати натижаси, таълим олган муассасаси номи ва манзили ва бошқа маълумотлар керак бўлади.
Шунингдек, абитуриентнинг таржимаи ҳоли (500 сўздан ошмаган), мазкур йўналишни танлашининг мақсади ва сабабларига бағишланган иншо (800 сўздан ошмаган), шунингдек абитуриентнинг ўзига хос қобилияти, истеъдоди тўғрисида ҳам 700 сўздан ошмаган маълумот киритилиши лозим.
Эслатиб ўтамиз, онлайн рўйхатдан ўтиш муддати 2014 йил 7 майдан 20 июнгача давом этади. Онлайн рўйхатдан ўтган абитуриентлар ҳужжатларни Тошкент шаҳридаги Инха университетининг қабул комиссиясига жорий йил 6 июндан 20 июнга қадар тақдим этишлари зарур, дейилади Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси матбуот хизмати хабарида.

Янгилик билан ўртоқлашиш: