Ўзбекистонда адвокатларнинг ҳуқуқлари кенгайтирилади

Дата: 16:17, 15-05-2018.

Тошкент. 15 май. ЎзТАГ – Ўзбекистонда адвокатларнинг ҳуқуқлари кенгайтирилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан кўзда тутилган.

Ҳужжатга мувофиқ, 2018 йил 1 июлдан бошлаб адвокат низоларни судгача ҳал қилиш, томонларни яраштириш бўйича чоралар кўриш, шунингдек, ҳакамлик судьяси сифатида фаолият юритиш ҳуқуқига эга бўлади, адвокат томонлардан бирининг вакили бўлган ҳолатлар бундан мустасно, адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олиш учун адвокатлик тузилмасида мажбурий стажировка ўташ муддати олти ойдан уч ойга қисқартирилади, бунда давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходимлари ва судья, терговчи ёки прокурор лавозимида камида уч йил фаолият юритган шахслар мажбурий стажировкадан озод этилади.

Бундан ташқари, лицензияни тугатиш учун асос бўладиган адвокат томонидан узрли сабабларсиз ўз касб мажбуриятларини бажармаслик муддати амалдаги уч ойдан олти ойга узайтирилади, суднинг адвокатни жиноят содир этишда айбдор деб топиш тўғрисидаги айблов ҳукми кучга кирган тақдирда, судья бир сутка ичида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигини ва Адвокатлар палатасини белгиланган тартибда ёзма хабардор қилади.

Шунингдек, фаолият юритаётган адвокатлар ва янгидан адвокат мақомини олган шахслар Адвокатлар палатаси томонидан Адлия вазирлиги билан биргаликда белгиланган ҳар бир танланган мутахассислик бўйича алоҳида лицензия асосида юридик ёрдам кўрсатадилар. Бунда фаолият юритаётган адвокатларнинг лицензияларини қайта расмийлаштириш уларни танлаган мутахассислиги бўйича қайта аттестациядан ва йиғимларни тўлашдан озод этган ҳолда амалга оширилади, адвокат томонидан адвокатура тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, Адвокатнинг касб этикаси қоидалари талаблари, адвокатлик сири ва адвокат қасамёди мунтазам равишда ёки бир марта қўпол равишда бузилганда, адвокатнинг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган ҳамда адвокатуранинг обрўсини туширадиган қилмиш содир этилганда, шунингдек, лицензиясининг амал қилиши тўхтатиб турилган шахс лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилишига олиб келган ҳолатларни лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилган муддатларда бартараф этмаганда, лицензиянинг амал қилишини тугатиш Олий малака комиссияси хулосасига асосан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг мурожаати бўйича фақат суд томонидан амалга оширилади.

Шу билан бирга, адвокат мақомини олиш бўйича малака имтиҳонини такроран топшириш муддати бир йилдан олти ойгача қисқартирилади.

Сурат манбаи: https://www.racyja.com/hramadstva/u-mensku-pachynae-pratsu-yurydychnaya-pryyo/

Янгилик билан ўртоқлашиш: