Ўзбекистонда Afrosiyob электропоездининг дам олиш кунлари қатновчи кундузги рейси бекор қилинди
Тошкент. 18 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Afrosiyob электропоездининг дам олиш кунлари қатновчи кундузги рейси бекор қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) “Узжелдорпасс” компанияси сайтида жойлаштирилган маълумотга асосланган ҳолда.
Маълумотда айтилишича, йўловчилар оқимининг камайиши муносбати билан жорий йилнинг 20 июнидан бошлаб Тошкент-Самарқанд-Тошкент йўналишида қатновчи 764/763 сонли “Afrosiyob” юқори тезликдаги поезди қатновчи бекор қилинади.
Айни пайтда электропоезднинг Тошкентдан (7.00 ва 8.00да) қатновчи эрталабги ва Самарқанддан йўлга чиқувчи (17.00 ва 18.00да) кечқурунги рейслари жадвал бўйича амалга оширилади.
Эслатиб ўтамизки, 764/763 сонли қўшимча рейс 2015 йилнинг 9 майидан бошлаб қўйилган бўлиб, шанба ва якшанба кунлари кундузи қатнар эди. Поезд Самарқанддан 10.40 чиқиб, Тошкентга 12.50 етиб келар, Тошкентдан эса 13.50 йўлга тушиб, Самарқандга 15.58 етиб борар эди.
Юқори қулайликларга эга Аfrosiyob электропоезди Тошкент ва Самарқанд ўртасида 2011 йил октябрдан бошлаб қатнамоқда. 2012 йил февралдан эса у ҳар куни қатнашни бошлаган эди. Поездга жами 257 киши кетади. Унинг максимал тезлиги соатига 250 км.