Ўзбекистонда “Агро Бизнес Бухоро” форуми ташкил этилади

Дата: 13:52, 08-09-2018.

Тошкент. 8 сентябр. ЎзТАГ – 10-11 сентябр кунлари Бухорода Бухоро вилоят ҳокимлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда ташкил этилган “Агро Бизнес Бухоро” Халқаро форуми бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Қўмита матбуот хизматининг маълум қилишича, мазкур “Агро Бизнес Бухоро” Халқаро форуми хорижий ва маҳаллий инвесторларга Бухоро вилоятининг инвестицион салоҳиятини намойиш қилиш имкониятини беради. Бу борада форумда янги эркин иқтисодий зона томонидан таклиф қилинадиган ҳамкорлик истиқболларига урғу берилади.

Тадбир дастуридан кўргазма ҳам ўрин олган бўлиб, унда Бухоро минтақасининг табиий-ресурс, ишлаб чиқариш ва меҳнат салоҳияти намойиш этилади, шунингдек, маҳаллий ва хорижий инвесторлар билан B2B ва B2G форматида бизнес-учрашувлар ташкил этилади.

Тадбирнинг иккинчи кунида “Бухоро-Агро” ЭИЗга ташриф буюриш ва форум иштирокчиларини янги инновацион агромайдончада яратилган шароитлар билан таништириш кўзда тутилмоқда.

Халқаро форумда дунёнинг 25 мамлакатидан бўлган инвесторлар қатнашиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамизки, 10 июлда Ўзбекистон Президентининг “Бухоро-агрo” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Ташкил этиладиган эркин иқтисодий зонада ташқи бозорда талаб катта бўлган ҳамда юқори қўшилган қийматга эга рақобатбардош маҳсулотлар етиштириш мақсадида замонавий иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, “Бухоро-Агро” ЭИЗнинг фаолияти Бухоро вилоятининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс ва самарали фойдаланишга йўналтирилади.

Сурат манбаи: http://orient.tm/en/2018/02/14/4767.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: