Ўзбекистонда агрономлар мактаби ташкил этилади

Дата: 15:37, 17-12-2019.

Тошкент. 17 декабрь. ЎзТАГ – Ўзбекистонда агрономлар мактаби ташкил этилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистонда агрономлар мактабини ташкил этиш бўйича амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Ташаббус Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги, узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги томонидан қўллаб-қувватланди", - дейилади Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Ушбу ғоя 12 декабрь куни бўлиб ўтган “Ўзбекистоннинг сув муаммолари. Томчилатиб суғоришнинг долзарб масалалари” Халқаро пресс-клубида кўриб чиқилган эди". Шунингдек, агрономларнинг ҳосилдорликни ошириш ва маҳсулот сифатини яхшилаш билан бирга сувдан оқилона фойдаланишдаги ўрни юқори экани қайд этилди.

"Республикада қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилганига қарамасдан, ўтказилган таҳлиллар тажрибали агрономларнинг етишмаслигидан далолат беради. Айни пайтда янги ташкил этилаётган агрокластерлар, қишлоқ хўжалиги корхоналари, фермер ва деҳқон хўжаликларида етиштирилаётган маҳсулотлар ҳажмини, сифатини ошириш бўйича бир қатор тадбирлар фермерликка тажрибали агроном жалб этишни талаб этмоқда", - деб якунланади хабар.

Сурат манбаи: mininnovation.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: