Ўзбекистонда ахалтекин отлари ўртасида чемпионат бўлиб ўтди

Дата: 17:09, 17-05-2016.

Тошкент. 17 май. ЎзТАГ – 15-17 майда “Ўзбегим” от заводи ҳудудида ахалтекин отлари ўртасида “Туркистон юлдузи 2016” Марказий Осиё чемпионати бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

От спорти федерациясидан маълум қилишларича, ушбу чемпионат жорий йилда 16- марта ўтказилди. Унда Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон ва Тожикистон термалари қатнашдилар.

Биринчиликка Татьяна Рябова (Россия), Анна Устьянцева (Россия) ва Ирина Бекмухамедова (Қозоғистон) иштирокидаги халқаро тоифадаги ҳакамлар бошчилик қилдилар.

Энг чиройли отлар танловида уч ёшли отлар орасида “Халол-хон” номли тулпор ва ”Гулпари-хон” лақабли бия ғолиб деб топилди. 

“Ахалтекин нави бугунда дунёнинг кўплаб мамлакатларида тарқалган. Бу жуда қадим от зоти бўлиб, 5 минг йиллик тарихга эга. Угар ушбу отларни кўришни истасангиз Фарғонага келинг. Ўзбекистон эса ушбу от зотини сақлашга етарлича эътибор берилаётган мамлакатлар сирасига киради”, - деди биология фанлари номзоди, Отчилик институтининг (Россия) катта илмий ходими Татьяна Рябова.

10 йилдан зиёдроқ муддатда амалга оширилган селекция ишлари натижасида Ўзбекистонда тоза ахалтекин отлари сони 10 донадан 250 бошгача кўпайди. Улар нафақат пойгаларда, балки барча от спорти мусобақаларида ҳам муваффақиятли иштирок этмоқдалар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: