Ўзбекистонда Ғалабанинг 70 йиллиги муносабати билан байрам тадбирлари бўлиб ўтди

Дата: 13:45, 11-05-2015.

Тошкент. 11 май. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Ғалабанинг 70 йиллиги муносабати билан байрам тадбирлари бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Хусусан, 9 майда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Тошкентдаги Хотира майдонига ўрнатилган “Мотамсаро она” ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйди. Эслатиб ўтамизки, 9 май Ўзбекистонда 1999 йилдан бери “Хотира ва қадрлаш куни” сифатида нишонланади.

“Бугун Ватанимиз, халқимиз Улуғ Ватан урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 70 йиллигини кенг нишонламоқда”, – деди Ислом Каримов гуллар қўйиш маросимида. У бугун “энг асосийси ушбу қонли урушдан тегишли хулосалар чиқаришдир”, - деб таъкидлади, “чунки бу уруш миллион-миллионлаб одамлар ҳалок бўлишига сабаб бўлди ҳамда мислсиз йўқотишлар, талафот ва мусибатлар олиб келди”.

“Уруш бошланиши билан фронт ҳудудларидан Ўзбекистонга кўчирилган бир миллиондан ошиқ киши, шу жумладан, икки юз минг атрофида болаларни эл-юртимиз қабул қилгани, охирги бир бурда нонини ҳам улар билан баҳам кўрган Ўзбекистон халқинининг бағрикенглигини тенгсиз миннатдорлик билан эслаймиз”, - деди Каримов.

Ўзбекистон пойтахтидаги байрам тадбирлари эрта тонгда “Қардошлик мозори” хотира мажмуига ўн минглаб кишилар бу ердаги “Мотамсаро она” ва Абадий олов пойига гуллар қўйиш, кейинчалик, Улуғ Ватан уруши ветеранларини табриклашга келиши билан бошланди.

Ушбу хотира мажмуи 1975 йилда Ўзбекистон пойтахтида 1941-1945 йилларда фаолият кўрсатган ҳарбий госпиталь ўрнида қурилган. Мажуа ҳудудида олинган жароҳатлардан вафот этган бир ярим мингдан ошиқ совет аскар ва офицерлари дафн этилган.

9 майда пойтахтда ва Ўзбекистоннинг кўплаб шаҳарларида ветеранлар учун тантанали тадбирлар уюштирилди ва болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари иштирокида концерт дастурлари уюштирилди. Кечқурун минглаб кишилар кўчага Ғалаба шарафига отилган салютни кўриш учун чиқдилар.

Эслатиб ўтамизки, Улуғ Ватан урушида Ўзбекистоннинг 1,4 млн ошиқ фуқароси қатнашган, улардан 400 мингдан ошиғи урушда ҳалок бўлган, 130 минг киши бедарак йўқолган. Республика ҳудудида 15 дивизия ва бригада шакллантирилган. Уруш йилларида 120 минг ўзбекистонлик орден ва медаллар билан мукофотланган, 338 киши Совет Итифоқи Қахрамони унвонига,82 солдат ва офицер Шараф Орденининг тўлиқ кавалери бўлганлар. Уруш йилларида Ўзбекистон 1,5 млндан ошиқ кишини очлик ва ўлимдан сақлаб қолган. Улар орасида қамалдаги Ленинград, Беларусь, Польша ва Украинадан олиб келинган деярли 300 минг етимлар ҳам бор.

Қисқа муддат орасида Ўзбекистон мудофаа саноатининг марказларидан бирига айланди. 1942 йилнинг ўртасига келибоқ Ўзбекистонга олиб ўтилган 100 ошиқ корхоналар бутун кучи билан ишлаб, фронтга ҳарбий техника, ўқ-дорилар, кийим-кечаклар етказиб бера бошлади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: