Ўзбекистонда Ғалабанинг 70 йиллигига бағишланган дастур тасдиқланди

Дата: 11:16, 08-04-2015.

Тошкент. 8 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистонда “Жасорат, бурч, матонат” шиори остида Ғалабанинг 70 йиллигига бағишланган дастур тасдиқланди. Чоршанба куни мамлакат президенти Ислом Каримовнинг бунга доир фармойиши эълон қилинди.

“Фармойиш умумхалқ байрами 9 май – Хотира ва қадрлаш куни, шунингдек, 1941-1945 йиллардаги Фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 70 йиллигини нишонлашга бағишланган тадбирларни юқори даражада ташкил қилиш мақсадларида қабул қилинмоқда”, - деб кўрсатилади хужжат дебочасида.

“9 май арафасида уруш ва меҳнат фронти ветеранларига “Иккинчи жаҳон урушида Ғалабанинг 70 йиллигига” юбилей медаллари ва 700 минг сўм (ЎзР МБ курси бўйича $285 - ЎзТАГ) миқдорда пул мукофотлари тантанали равишда топширилади, дейилади дастурда. Байрам куни ветеранлар учун тантанали тадбирлар ва концерт дастурлари уюштирилади. Уруш иштирокчилари мамлакат мактабларига Тинчлик дарсларига таклиф этиладилар.

Дастур доирасида таълим муассаслари ва ҳарбий қисмларда “Авлодлар учрашуви”, “Кекса авлодга ғамхўрлик”, “Эъзоз ва ҳурмат” тадбирлари бўлиб ўтади. Мамлакат ОЎМда “Тарихий хотирасиз келажак йўқ” видеоконференциялари бўлиб ўтади.

Телевидение ва радиода ҳам Ғалаба кунига бағишланган кўплаб кўрсатув ва эшиттириш, бадиий ва хужжатли фильмлар намойиш этилади.

Тадбирларнинг кўпчилиги феврал ойида тасдиқланган “Кексаларни эъзозлаш йили” давлат дастури доирасида амалга оширилади. Ветеранларни замонавий телевизорлар, маҳаллий мобил телефонлардан иборат совғалар, шунингдек, кўплаб имтиёзлар кутмоқда.

“Нуроний” жамоатчилик жамғармаси маълумотларига кўра, Улуғ Ватан урушида 1,4 млндан ошиқ Ўзбекистон фуқаролари қатнашганлар. Улардан 400 мингдан ошиғи урушда ҳалок бўлган, 130 минги дараксиз йўқолган. Ҳозирда мамлакатда 3,5 минг атрофида уруш қатнашчиси истиқомат қилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: