Ўзбекистонда қалбаки пул чиқарган навбатдаги киши қўлга олинди

Дата: 16:28, 13-03-2018.

Тошкент. 13 март. ЎзТАГ – Ўзбекистонда қалбаки пул чиқарган навбатдаги киши қўлга олинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизматига таянган ҳолда.

“2018 йил 12 февраль куни номаълум шахс Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой тумани ҳудудида якка тартибдаги тадбиркор бўлиб ишловчи А. исмли шахсни ишончига кириб, уни алдаб, 26 дона қалбаки 10000 сўмлик купюра пулларини бериб, 2 қоп ун маҳсулотларини сотиб олган. Ички ишлар орган ходимлари томонидан ўтказилган тезкор қидирув тадбирлари давомида қалбаки пулларни ясашда гумон қилинган Қораузак туманида яшовчи фуқаро О. қўлга олиниб, унинг ёнидан қалбаки бўлган 2826 дона 10000 сўмлик пул купюралар ва 29 дона 100 АҚШ доллари ашёвий далил сифатида олинди”, - деб таъкидланади хабарда.

Тергов-тезкор тадбирлари давомида гумонланувчи О. ушбу қалбаки пулларни Қозоғистон Республикасида яшовчи В. исмли шахс билан биргаликда ясаганлиги ва Ўзбекистон Республикасига ўтказиш мақсадида олиб кирганлиги аниқланди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 176-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сурат манбаи: https://faceiran.info/Milliy-Xavfsizlik-Xizmati-Haqida

Янгилик билан ўртоқлашиш: